Logo

Латвиялик туристларнинг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилди

Ноябрь 11, 2025. 17:20 • 2 дақ

225
Латвиялик туристларнинг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилди

РИГА, 11 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчихонаси ҳамда "Alsvets" компанияси билан ҳамкорликда навбатдаги латвиялик туристлар гуруҳининг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Латвия бозорида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб этиш, икки мамлакат ўртасида туристик алоқаларни кенгайтириш мақсадида амалга оширилган ушбу тур дастури доирасида саёҳатчилар Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларини айланишди.

Шунингдек ўқинг

Туристлар юртимизнинг ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган тарихий обидалари, халқ ҳунармандчилиги марказлари, бой тарихий-маданий мерос, миллий анъана ва замонавий сайёҳлик инфратузилмалари билан яқиндан танишдилар.

Латвиялик сайёҳларнинг таъкидлашича, Ўзбекистондаги тинчлик, хавфсизлик, туристларга кўрсатилаётган юксак хизмат маданияти уларда катта таассурот қолдирган. Улар Ўзбекистонни Марказий Осиё минтақасидаги энг жозибали ва истиқболли туристик маскан сифатида баҳолайди.

Жорий йил Рига шаҳрида бўлиб ўтган "BaltTour – 2025" 30-халқаро сайёҳлик кўргазмасида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти "Alsvets" компанияси билан ҳамкорликда намойиш этилган эди. Мазкур тадбир Латвия жамоатчилиги ва туризм соҳаси вакиллари ўртасида катта қизиқиш уйғотди. Кўргазманинг амалий натижаси сифатида йил бошидан буён "Alsvets" компанияси билан ҳамкорликда 300 нафарга яқин латвиялик туристларнинг Ўзбекистонга ташрифи амалга оширилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш