Logo

Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси ва "БМТ Туризм" тузилмаси янги бош котиби қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканликларини тасдиқладилар

Август 30, 2025. 18:34 • 2 дақ

59
Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси ва "БМТ Туризм" тузилмаси янги бош котиби қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёр эканликларини тасдиқладилар

ТОШКЕНТ, 2 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев Мадрид шаҳрида бўлиб ўтган ташкилотнинг Ижроия кенгаши 123-сессиясида "БМТ Туризм" тузилмаси бош котиби лавозимига сайланган Шайха Ал Новайс билан онлайн музокаралар ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

"Uzbektourism.uz" портали маълумотига кўра, унинг номзоди ноябрь ойида Ар-Риёд шаҳрида (Саудия Арабистони) бўлиб ўтадиган Бош Ассамблеянинг 26-сессиясида расман тасдиқланади ва шундан сўнг у мазкур лавозимни эгаллаган илк аёл бўлади.


Учрашув давомида Умид Шадиев суҳбатдошини тарихий сайланиши билан қутлади ва у билан Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини халқаро майдонда илгари суриш ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилди.


Ўзбекистон бугунги кунда минтақанинг энг тез суръатлар билан ривожланаётган сайёҳлик йўналишларидан бирига айланиб бораётгани таъкидланди. Мамлакат Буюк ипак йўлининг қадимий ёдгорликлари, бой маданий анъаналар, унутилмас гастрономик таассуротлар ва замонавий хизмат кўрсатиш даражасининг ноёб уйғунлигини тақдим этмоқда.


Ўзбекистон сайёҳлар учун хавфсизлик рейтингларида етакчи ўринларни эгаллаб, меҳмонлар ва сармоядорлар учун энг қулай шароитлар яратиш бўйича фаол ишларини давом эттирмоқда.


Музокаралар якунида томонлар малакали кадрлар тайёрлаш, туризм соҳасида иш ўринларини яратиш ва барқарор туризмни ривожлантиришга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга оширишга тайёрликларини билдирдилар.


БААда туғилган 38 ёшли Шайха Ал Новайс кетма-кет икки тўрт йиллик муддатдан кейин январь ойида грузиялик сиёсатчи Зураб Пололикашвилини алмаштиради. У Ижроия кенгаши сессиясида учта рақиби устидан ишончли ғалабага эришди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш