Logo

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Малайзиядаги Осиё зиёрат туризми ва савдо кўргазмасида тақдим этилмоқда

Август 24, 2025. 10:07 • 2 дақ

62
Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Малайзиядаги Осиё зиёрат туризми ва савдо кўргазмасида тақдим этилмоқда

КУАЛА-ЛУМПУР, 24 август. /"Дунё" АА/. 22-24 август кунлари Малайзиянинг Селангор штатида Бутунжаҳон зиёрат туризми ва савдо кўргазмаси (World Islamic Tourism & Trade Expo – WITEX) бўлиб ўтаяпти, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

 Кўргазмада мамлакатимиз элчихонаси томонидан республика туркомпаниялари билан ҳамкорликда Ўзбекистон миллий стенди ташкил қилинди.


 Халқаро тадбири Малайзия туризм агентликлари ассоциацияси, Селангор штати Администрацияси ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, унда 150 дан ортиқ туркомпаниялар ва ҳалол маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналар вакиллари ҳамда 20 дан ортиқ хорижий мамлакатлар вакиллари иштирок этмоқда.


Кўргазма доирасида иштирокчиларига Ўзбекистонда туризм соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, зиёрат туризмини жадал ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.


Сўнгги йилларда виза режими соддалаштирилиши натижасида 90 дан ортиқ хорижий давлатлар, жумладан малайзияликлар учун Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби амал қилаётганлиги ҳамда Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарлари ўртасида "Uzbekistan Airways" ва "Batik Air Malaysia" авиакомпаниялари томонидан тўғридан-тўғри авиақатновлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.


Ташриф буюрувчилар Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг тарихий ва замонавий сайёҳлик марказлари, бой маданияти, бетакрор архитектураси ва санъати, миллий анъаналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.


Миллий стендда мамлакатимизнинг "Assalam Travel" туркомпанияси томонидан республика "зиёрат туризм", "тарихий-маданий туризм", "гастрономик туризм", "Умра+", "қишки туризм", "ишбилармонлик туризми" (MICE) каби сайёҳлик дастурлари маҳаллий аҳоли орасида кенг тарғиб қилинди.


Икки мамлакат туроператорларининг "B2B" шаклидаги учрашуви давомида республикага малайзиялик сайёҳлар оқимини ошириш, туризм дастурларини Малайзия бозорида тарғиб қилиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.


Мазни Разали, Малайзиянинг "Golden Destinations" туркомпанияси менежери:


– Биз Тошкент шаҳридаги туроператорлар билан самарали ҳамкорлик алоқаларини ўрнатганмиз.


Жорий йилнинг биринчи яримида Ўзбекистонга малайзиялик сайёҳлар гуруҳларини жўнатдик. Турпакетларимизни харид қилган малайзияликлар Бухоро, Самарқанд, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрининг тарихий ва маданий туризм салоҳияти билан яқиндан танишиш имконига эга.


Таъкидлаш жоизки, мамлакатингизнинг бой маданий мероси, тарихий шаҳарлари ва зиёратгоҳлари, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги малайзияликлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда.


Ўзбекистонда зиёратчи сайёҳлар учун яратилган қулайликлар ва сайёҳлик инфратузилмалари янгилаб борилаётгани бизни қувонтирмоқда.


Тошкент ва Куала-Лумпур шаҳарларини боғлаб турувчи ҳафтасига тўрт маротаба амалга оширилаётган тўғридан-тўғри авиақатновлар мижозларимизга қулайлик яратмоқда. 


Малайзияда Ўзбекистонни саёҳатчи ташриф буюриши шарт бўлган манзил сифатида кенг тарғиб қилишни давом эттирамиз.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш