Туркиялик ёшлар Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига ташриф буюради
Апрель 15, 2026. 15:20 • 2 дақ
• 267
АНҚАРА, 15 апрель. /“Дунё” АА/. Туркиянинг “Balıkesir Gerçek” газетаси хабар беришича, туркиялик ёш фаоллар учун мукофот сифатида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарларига зиёрат саёҳати ташкил этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ташаббус Туркиянинг Баликесир вилояти Ёшлар ва спорт бошқармаси томонидан “Кутадғу билиг йўлида” ўқув дастурини муваффақиятли тамомлаган ёшлар учун йўлга қўйилган.
Шунга кўра, 11 нафардан иборат баликесирлик ёшлар гуруҳи 2026 йил май ойида Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларига ташриф буюради. Сафар давомида улар ушбу шаҳарларнинг тарихий ва диққатга сазовор жойлари билан танишиш билан бирга, Ўзбекистондаги тенгдошлари билан қўшма лойиҳалар, алмашинув дастурлари ва ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш имконига эга бўлади.
Қайд этилишича, Туркия Ёшлар ва спорт вазирлиги кўмагида ташкил этилаётган мазкур ташриф баликесирлик ёшларнинг қардош Ўзбекистон билан алоқаларини мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва халқаро фаоллигини оширишга қаратилган.
“Ўзбекистон дастури Туркия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида ёшлар ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун катта имконият яратади. Ушбу ташриф орқали икки мамлакат ёшлар соҳаси вакиллари ўртасида доимий алоқа ўрнатиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган”, деб ёзади нашр.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси