Ўзбекистон туризм салоҳияти Парижда намойиш этилди
Октябрь 03, 2025. 13:31 • 3 дақ
• 46
ПАРИЖ, 3 октябрь. /"Дунё" АА/. Шу йилнинг 23-25 сентябрь кунлари Франция пойтахти Парижда "IFTM Top Resa – 2025" кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Уч кун давом этган кўргазма ўттиз тўрт мингдан ортиқ меҳмонни жалб қилди. Унда 400 дан ортиқ экспонент ва бутун дунёдан 1550 бренд тақдим этилди.
Кўргазмада Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этди. Ўзбекистон миллий стендида мамлакатимиз пойтахти Тошкент шаҳри ҳамда Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларининг замонавий сайёҳлик имкониятлари намойиш этилди.
Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тақдимоти доирасида меҳмонларга мамлакатимизнинг бой маданий мероси, экотуризм ва зиёрат туризми имкониятлари, меҳмонхона ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш бўйича замонавий лойиҳалар тақдим этилди.
"Uzbekistan airways" АЖ Ўзбекистон ва Франция ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларни амалга ошириш, йўналишлар тармоғини кенгайтириш, қулай алоқа ва хизматларни таклиф қилиш имкониятларини тақдим этди.
Тадбир доирасида Франция ва Европанинг етакчи туроператорлари, инвесторлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан В2В форматида учрашувлар ўтказилди. Ўзбекистон сайёҳлик брендини Европа сайёҳлик бозорида илгари суриш, қўшма маршрутларни ишлаб чиқиш, сайёҳлар оқимини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон санъат усталари томонидан тақдим этилган маданий дастур кўргазма иштирокчилари ва меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.
Фредерик Бопертуис-Брессан, Темурийлар санъати ва тарихини ўрганиш ассоциацияси президенти ва ҳаммуассиси:
– Ўзбекистон делегациясини Францияда бўлиб ўтадиган энг йирик халқаро сайёҳлик кўргазмасида қутлаш менга катта мамнуният бағишлайди. Кўргазмада дунёнинг ўнлаб мамлакатлари иштирок этмоқда, Ўзбекистон эса ажойиб стенд ва гўзал фотосуратлар билан, нафақат Темурийлар даври ёдгорликлари, балки Ўзбекистонда кўриш мумкин бўлмаган бошқа қадимий жойлар ва табиат манзаралари билан ҳам ажойиб тарзда намоён бўлмоқда.
Сиз мамлакатнинг кўплаб ошпазлик хусусиятларини тақдим этдингиз ва биз уларни бу ерда кўришимиз мумкин – бу қуритилган мевалар ва бошқа кўп нарсалар – бу қуёшли мамлакатда қандай ажойиб хилма-хил мевалар етиштирилишини намойиш этади. Бу ҳам Ўзбекистонда кашф этилиши мумкин бўлган нарсаларнинг бир қисмидир.
Сильви Биллард-Тибо, "TDC Communication" компанияси директори:
– Ўзбекистон сайёҳлик жозибадорлиги юқори бўлган мамлакат бўлиб, республикага қизиқиш Францияда тобора ортиб бормоқда. Мен буни жуда ижобий қабул қиламан. Чунки, Ўзбекистон маданият, гастрономия ва одамлар билан илиқ учрашувларни таклиф қилади.
Мен француз тилида сўзлашувчи бозорда ишлайдиган профессионал сифатида айтишим мумкинки, сайёҳлар, албатта, қадимий ёдгорликларни зиёрат қилишни хоҳлашади, лекин улар маҳаллий аҳоли билан учрашишни ва ниҳоятда хилма-хил мамлакатни кашф қилишни ҳам истайди. Ўзбекистонда эса, Урганчдан Хивагача ва, албатта, гўзал Самарқандда – ҳаммаси ҳайратланарли.
Ўзбекистон ҳайратлантиришда давом этмоқда. Йилдан-йилга мижозларимиздан Ўзбекистонга саёҳат қилиш бўйича сўровлар кўпроқ бўлмоқда. Сайёҳлар юртингизга боришдан аввал у ер ҳақида кўп билишмайди, қайтиб келгач эса бир олам таассуротлар билан ўртоқлашмоқда.
Ўзбекистон туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси Париждаги сайёҳлик кўргазмасидаги иштироки доирасида Франциянинг туризм агентликлари, жумладан, "Atout France" туризмни ривожлантириш агентлиги, "SЕТО" туроператорлари синдикати, "EdV" сайёҳлик агентликлари уюшмаси вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Ушбу учрашувларда туризм соҳасида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш, Франциядан мамлакатимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Малайзия сайёҳлик компаниялари билан туризм бўйича келишувларга эришилди
Будапештда Ўзбекистон туризм имкониятлари бўйича акция ўтказилди
Польшанинг Реда шаҳрида ўзбек туризм соҳаси эътироф қилинди
Немис экспертлари Ўзбекистондаги туризм имкониятларини юқори баҳолади
Гоада Ўзбекистон туристик салоҳияти ва миллий модаси тақдимоти бўлиб ўтди