Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 33 йиллиги кенг нишонланди
Сентябрь 28, 2024. 10:03 • 3 дақ
• 532
ДЕҲЛИ, 28 сентябрь. /"Дунё" АА/. Ҳиндистон пойтахтида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 33 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Байрам тадбирида Ҳиндистон ижтимоий-сиёсий, ишбилармон ва академик доиралари вакиллари, дипломатлар, ватандошлар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев мустақилликнинг миллий давлатчилигимиз қайта тикланиши ва тараққий топишидаги улкан аҳамияти, истиқлол туфайли мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни юксалиб бораётгани ҳақида сўз юритди. Янги Ўзбекистон бунёд этиш ғояси атрофида жипслашган ўзбек халқи Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ҳаётимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида салоҳиятли ютуқларга эришаётгани алоҳида таъкидланди.
Мамлакатимизда бозор муносабатларига асосланган иқтисодиёт изчил шакллантирилаётгани, ушбу йўналишдаги халқаро ҳамкорлик кўлами изчил кенгайтирилаётгани, Янги Ўзбекистон хорижий давлатлар, жумладан, Ҳиндистоннинг етакчи компаниялари учун жозибали масканга айлангани урғуланди.
Ҳиндистон ташқи ишлар давлат вазири Пабитра Маргерита икки давлат ўртасидаги стратегик ҳамкорлик сўнгги йилларда изчил ривож топаётганини қайд этди. Ўзбекистондаги янгиланиш ва ўзгаришлар жараёни узоқ тарихга эга ўзаро муносабатларни сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқиш учун қулай шароит яратаётганини эътироф этди.
Тантанали маросимда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ишбилармон доиралари вакилларининг ҳамкорлик алоқалари изчил фаоллашаётгани, бугунги кунда мамлакатимизда 420 дан ортиқ Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхона, жумладан, 100 фоиз хориж капитали иштирокидаги корхоналар фаолият юритаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Жорий йил икки мамлакат ўртасидаги амалий алоқалар сезиларли мустаҳкамланди, турли даражалардаги делегациялар алмашиш суръати тезлашди. Хусусан, шу кунлари Ҳиндистон молия вазири Нирмала Ситҳараман бошчилигидаги делегация Ўзбекистонда бўлиб турибди ва самарали музокаралар ўтказмоқда. Сентябрь ойининг бошида Тошкент ва Нукус шаҳарларида йирик ҳинд компаниялари вакиллари иштирокида бизнес-форум ва бошқа тадбирлар уюштирилди.
Шунингдек, ҳудудлар ўртасида ривожлантирилаётган алоқалар ўзаро муносабатларнинг янги муҳим таркибий қисмига айланиб улгурди. Андижон ва Гужарат, Фарғона ва Ҳарьяна, Самарқанд ва Агра, Бухоро ва Ҳайдаробод ўртасидаги ришталар бошқа ҳудудлар вакиллари учун рағбатлантирувчи намуна бўлмоқда.
Деҳли, Ҳайдаробод, Даман, Ченнай, Бенгалуру, Мумбай, Лакнау, Кожикоде, Праяграж шаҳарларида Ўзбекистоннинг иқтисодий, сармоявий, экспорт ва сайёҳлик салоҳиятига оид ранг-баранг тақдимотлар ташкил этилди.
Ўзбекистоннинг фармацевтика, ахборот технологиялари, электротехника, таълим, озиқ-овқат саноати ва бошқа соҳалари делегацияларининг ташрифлари воқеаларга бой бўлди. Шунингдек, Хоразм вилояти делегацияси Деҳли, Бенгалуру ва Ченнай шаҳарларида самарали учрашув ва музокаралар ўтказди.
Туризм соҳасидаги ўзаро алоқалар сўнгги йилларда бир неча марта фаоллашди. Жумладан, 2023 йил Ўзбекистонга қарийб 50 мингга яқин ҳиндистонлик сайёҳ сафар қилди ва бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 3 марта кўп бўлди. Жорий йил 100 минг нафарга яқин ҳиндистонлик туристни ўзбек заминига сафар қилиши кутилмоқда.
Тантанали тадбир доирасида "Business Central Asia" журналининг Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва янгиланиш жараёнига бағишланган махсус сони тақдим этилди.
"Гулдаста" гуруҳи тақдим этган ҳамда ўзбек ва ҳинд халқларининг ашула ва рақсларидан ташкил топган ранг-баранг мусиқий дастур маросим иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.
Расмий қабул маросими иштирокчилари Ўзбекистон-Ҳиндистон стратегик ҳамкорлигининг истиқболлари юксак экани ҳақида якдил фикр билдирдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Абу-Даби шаҳрида Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги кенг шодиёна қилинди
Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги Германия пойтахтида кенг тантана қилинди
Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги Япония пойтахтида кенг нишонланди
Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида тантана қилинди