Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги Германия пойтахтида кенг тантана қилинди
Октябрь 02, 2024. 12:50 • 3 дақ
• 667
БЕРЛИН, 2 октябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонасида Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда ГФРнинг расмий, сиёсий, ишбилармон доиралари ва жамоатчилик вакиллари, шунингдек, Берлинда аккредитация ўтган хорижий мамлакатларнинг элчилари ва дипломатик ваколатхоналар ходимлари, журналистлар қатнашди.
Тадбирда немис томонидан фахрий меҳмон сифатида Германия Бундестаги (парламенти) аъзоси, ГФР ҳукуматининг Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Молдова билан жамиятлараро алоқалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Робин Вагенер ва Германия Ички ишлар ва Ватан федерал вазирлиги департаменти директори Ульрих Вайнбреннер иштирок этди.
Байрам тадбири бошланиши олдидан Ўзбекистон ва Германия давлатларининг мадҳиялари жонли тарзда ижро этилди.
Ўзбекистон элчиси Дилшод Ахатов ўзининг табрик нутқида, мустақиллик йилларида, айниқса, сўнгги етти йилда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли демократик, ҳуқуқий, ҳамда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар хусусида сўзлаб, мамлакатимизнинг барча соҳаларда босиб ўтаётган тараққиёт йўлини, жумладан, 27 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловларини алоҳида таъкидлади. У шунингдек, Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг ҳар қачонгидан ҳам жадал ва самарали ривожланаётганини урғулаб, яқинда Германия Федерал Канцлерининг Ўзбекистонга расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихида муҳим воқеа бўлганини ва у кенг қамровли ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиққанини қайд этди. Элчи ташриф давомида эришилган келишув ва имзоланган битимлар икки томонлама алоқаларни янада жадаллаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Германия Бундестаги аъзоси, ГФР ҳукуматининг Марказий Осиё, Жанубий Кавказ ва Молдова билан жамиятлараро алоқалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Робин Вагенер ўз навбатида, Ўзбекистон Мустақиллик куни билан юртимиз аҳолисини ўз мамлакати парламенти ва ҳукумати номидан самимий табриклади. "Бундан 33 йил муқаддам Ўзбекистон ўз мустақиллигини қўлга киритди ва 30 йилдан ортиқ вақтдан буён Германия Ўзбекистон билан ишончли шериклар сифатида ҳамкорлик қилиб келмоқда", деди у.
У ГФР Канцлерининг яқинда Ўзбекистонга буюрган расмий ташрифи якунларига тўхталиб, уни икки томонлама муносабатларда қанчалик катта аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. "Ташриф жуда самарали бўлди. Ҳукумат раҳбарининг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида эришилган муҳим ҳукуматлараро битим ва келишувлар, шунингдек, Марказий Осиё билан ўрнатилган минтақавий шериклик Германия учун бу муносабатларнинг стратегик аҳамияти юқори эканлигини кўрсатди", деди у.
Германия Федерал ички ишлар вазирлиги департаменти директори Ульрих Вайнбреннер меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликнинг афзалликлари ва Ўзбекистоннинг Германия билан ҳамкорлигини кенгайтириш тарихий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. "Расмий ташриф доирасида Самарқандда Германия ва Ўзбекистон ўртасидаги миграция ва мобиллик тўғрисида ҳукуматлараро битимнинг имзолангани, шунингдек, бошқа қатор муҳим келишувларга эришилгани икки томонлама муносабатларимизда катта ютуқ бўлди" , деди у.
"Сўзим аввалида, мамлакатларимиз томонидан ташкил этилган Германия-Ўзбекистон форуми ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман, – деди Германия-Ўзбекистон форуми президенти Детлеф Принц ўзининг қутлов нутқида. – Бир неча ой аввал ташкил этилган Форум бугун Германиянинг тиббиёт, маданият, бизнес, кичик ва ўрта бизнес ҳамда федерал ҳукумат вакилларини Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш сари бирлаштиради"
У, шунингдек, шу йил 9 октябрь куни Тошкентда форумнинг Ўзбекистон-Германия газетаси тақдимоти ўтказилишини маълум қилди. Қайд этилишича, мазкур нашрда Германия ва Ўзбекистонда сиёсий, иқтисодий жараёнлар мунтазам ёритиб борилади ҳамда у ўзаро алмашинув, ўзаро тушунишни яхшилашга хизмат қиладиган муҳим платформага айланади.
Шунингдек, тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни, иқтисодий ва туризм салоҳияти ҳақида ҳикоя қилувчи видеолавҳалар намойиш этилди.
Меҳмонлар эътиборига П.Чайковский номидаги Москва давлат консерватория битирувчиси, ҳозирда Берлинда ижод қилаётган ватандошимиз Инобат Аҳмедова (фортепиано) ва унинг шогирди, миллий ва халқаро танловлар совриндори Фердинанд Глаух (скрипка) ўзбек композитори Фаттоҳ Назаровнинг "Қўшиқ ва рақс" ҳамда жаҳон композиторлари мусиқа асарларидан иборат концерт дастури тақдим этилди. Шунингдек, адабиётшунос Ҳафиза Қўчқарова Ватан мавзусидаги шеърларини ўзбек ва немис тилларида ўқиб берди.
Маданий дастурлар мустақиллигимизнинг 33 йиллиги тадбирига ўзгача шукуҳ бахш этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси