Logo

Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида тантана қилинди

Сентябрь 23, 2024. 17:22 • 2 дақ

528
Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида тантана қилинди

ЎШ, 23 сентябрь. /"Дунё" АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонада Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллигига бағишланган расмий қабул маросими ташкил этилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод ва Боткен вилоятлари, расмий идоралар раҳбарияти ва вакиллари, Ўзбек миллий-маданий маркази фаоллари, ушбу давлатда таҳсил олаётган ватандош талабалар иштирок этишди.

Қирғиз томонидан маросимнинг асосий меҳмони сифатида мамлакат раҳбарининг Ўш вилоятидаги ваколатли вакилининг иқтисод, инвестициялар ва савдо масалалари бўйича ўринбосари Илиаз Ташбаев ва Ўш шаҳри мэрининг биринчи ўринбосари Марс Исаев қатнашди.

Қирғизистон Президентининг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили ўринбосари Илиаз Ташбаев тадбирдаги нутқида биродар ўзбек халқини ва иштирокчиларни мамлакат раҳбарияти номидан Ўзбекистон Мустақиллиги куни билан табриклади. "Сўнгги йилларда қирғиз-ўзбек алоқалари  барча соҳаларда ўсиб бормоқда. Ўзбекистон раҳбариятининг амалга ошираётган ислоҳотлари натижасида республика  нафақат минтақада, қолаверса дунё ҳамжамияти орасида ҳам катта обрў-эътиборга сазовор бўлди. Мамлакатларимиз етакчиларининг сиёсий иродаси ва яқин дўстлиги натижасида Қирғизистон билан Ўзбекистон алоқалари мустаҳкамланди. Ушбу яқин муносабатлар Марказий Осиёда тинчлик, ривожланиш ва фаровонликни таъминлашга хизмат қилмоқда", - деди Илиаз Ташбаев.

Ўш шаҳар мэрининг биринчи ўринбосари Марс Исаев ўз навбатида, ўзбек ва қирғиз халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари бир неча минг йиллар давомида мустаҳкамланиб келинаётганини таъкидлади. "Яхши қўшничилик ва биродарлик алоқалари мамлакатларимиз ҳамда халқларимиз ўртасида ҳар томонлама савдо-сотиқ, иқтисодиёт, маданият ва таълим тизимини янада ривожланишига мустаҳкам замин бўляпти", - деди у.

Қирғизистон Ўзбек миллий маданий марказининг Жанубий вилоятлар бўйича раҳбари Одилжон Атажанов Ўзбекистон мустақиллигининг ўттиз уч йиллиги байрами муносабати билан  халқимизга ўзининг самимий тилакларини билдирди.

"Ҳеч кимга сир эмаски, Ўзбекистон  мустақиллик йилларида улкан ютуқларга эришди, айниқса, сўнгги йилларда барча соҳаларда жадаллик билан ривожланиб, Марказий Осиё минтақасининг энг тараққий этган мамлакатига айланди. Албатта, биродар Ўзбекистон эришаётган ютуқлар биз, Қирғизистонда истиқомат қилаётган ўзбекларни ҳам бефарқ қолдирмайди. Ўзбекистонда ҳар бир соҳада амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар, хоҳ у иқтисод, маданий-гуманитар ёки спорт жабҳаси бўлсин, биз ҳам бу ушбу ютуқлардан хурсанд бўламиз", - деди у.

 Тадбирнинг маданий қисмида "Ўзбекконцерт" давлат муассасасининг Фарғона вилояти бўлими хонандалари томонидан тақдим этилган дастур йиғилганларга байрамона кайфият ва алоҳида шукуҳ бахш этди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш