Ўзбекистон академик делегацияси Швеция етакчи таълим муассасалари фаолияти билан танишди
Май 03, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 299СТОКГОЛЬМ, 3 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг олий ва ўрта таълим муассасалари вакилларидан иборат академик делегация Швецияда бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Делегация таркибидан бир қатор олий таълим ва халқ таълими муассасалари, жумладан, Андижон давлат тиббиёт ва педагогика институтлари, Урганч давлат педагогика институти, Тошкент давлат транспорт университети, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ҳамда пойтахт мактаблари педагоглари ўрин олди.
Швециянинг энг қадимий ва етакчи олий ўқув юртларидан бири бўлган Уппсала университетидаги (Uppsala University) учрашувларда ўзбекистонлик мутахассислар ўқув дастурларини халқаро стандартларга мослаштириш, илмий-тадқиқот салоҳиятини юксалтириш, академик мобилликни кенгайтириш ҳамда қўшма таълим дастурларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, делегация аъзолари Стокгольм минтақаси халқаро мактабига (International School of the Stockholm Region) ташриф буюриб, у ерда “Халқаро бакалавриат” дастури доирасида қўлланиладиган ўқитиш методикалари, ўқув жараёнини ташкил этиш ва замонавий таълим технологиялари билан танишди.
Мулоқот чоғида фанлараро интеграция, танқидий фикрлашни ривожлантириш ҳамда таълим жараёнига йўналтирилган баҳолаш тизими ўқитиш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар STEAM (фан, технология, муҳандислик, санъат ва математика) ёндашувини ривожлантириш, “таълим муассасаси – саноат – жамият” форматидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ушбу йўналишларда тажриба алмашиш ва ишчи алоқаларни кенгайтиришга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси





