Британиянинг етакчи архитектура компанияси билан Тошкентда офисини очиш бўйича келишувга эришилди
Март 14, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 144
ЛОНДОН, 14 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов Буюк Британиянинг “Cross Works” архитектура компанияси асосчиси ва бошқарувчи директори Ҳакан Акча билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Ҳакан Акча суҳбат аввалида Ўзбекистон ҳукумати, хусусан, “Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш дирекцияси” раҳбарияти билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилганлигини мамнуният билан қайд этиб, ушбу ҳудуддаги бунёдкорлик ишларида фаол қатнашаётганлигини маълум қилди.
Шунингдек, Британия томони Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида амалга оширилаётган кенг кўламли инфратузилма ва шаҳарсозлик лойиҳалари бўйича ҳам ҳамкорликка қизиқаётганини таъкидлади. Жумладан, Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларидаги лойиҳаларда иштирок этишдан манфаатдорлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, Ҳакан Акча “Cross Works”нинг Ўзбекистондаги фаолияти кенгайиши доирасида маҳаллий архитекторлар ва муҳандислар учун малака ошириш ва тажриба алмашиш дастурларини амалга оширишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида “Cross Works”нинг Ўзбекистондаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ҳамда янги ҳамкорлик йўналишларини йўлга қўйиш мақсадида Тошкент шаҳрида компаниянинг Марказий Осиё ва МДҲ учун минтақавий ваколатхонасини очиш бўйича келишувга эришилди.
“Cross Works” – Лондонда жойлашган архитектура ва шаҳарсозлик йўналишида фаолият юритувчи халқаро дизайн компанияси. Шаҳар ва ҳудудларни режалаштириш, архитектура дизайнлари, рақамли картография ҳамда йирик инфратузилма лойиҳалари учун инновацион ечимлар шакллантиришга ихтисослашган. Янги Тошкент шаҳрининг бош режасини ишлаб чиққан. Лондондан ташқари Ар-Риёз шаҳрида ҳам офиси мавжуд.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси