Буюк Британияда мамлакатимизнинг сайёҳлик имкониятлари тарғиботига бағишланган тадбир бўлиб ўтди
Октябрь 22, 2023. 09:55 • 2 дақ
• 859
ЛОНДОН, 22 октябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги сайёҳлик бренди элчиси Софи Ибботсон ва "Wild frontiers" туристик компанияси билан ўзаро ҳамкорликда мамлакатимиз дипломатия ваколатхонасида "Ўзбекистон каби ҳайратланарли мамлакатда британиялик сайёҳлар қани?" деб номланган тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган ушбу тарғибот тадбирида мамлакатимизнинг сайёҳлик имкониятлари, саёҳатчилар учун яратилган қулайликлар, янги саёҳат йўналишлари, ҳукуматимиз томонидан бу соҳани ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги батафсил маълумотлар иштирокчиларнинг эътиборига ҳавола қилинди.
Софи Ибботсон ва "Wild frontiers" туристик компанияси вакиллари ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган мамлакатимиз тарихий обидалари ва қадамжолари тақдимотини ўтказишди. Улар Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларимизнинг сайёҳлик салоҳияти, британиялик саёҳатчилар учун қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган ўзбекона урф-одатлар, миллий таомлар ҳамда сайёҳлик йўналишларига доир маълумотларга алоҳида эътибор қаратишди.
Шунингдек кеча давомида миллий ҳунармандчилик, тўқимачилик, ипакчилик, кулолчилик маҳсулотлари намойиш этилгани баробарида ўзбек санъати усталари томонидан ўзбек миллий куйларидан намуналар янгради.
Мамлакатимизда бир неча маротаба бўлган, биргина 2023 йилнинг ўзида 600 нафардан ортиқ сайёҳни Ўзбекистонга йўллаган "Wild frontiers" туркомпанияси асосчиси Жонни Бейлби сўнгги йилларда Ўзбекистонинг сайёҳлик ва иқтисодий салоҳияти тобора ривожланиб бораётганидан ҳайратини яширмади. "Элчихонада бўлиб ўтган ушбу тадбир британиялик сайёҳларнинг Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз каби диққатга сазовор шаҳарларга бўлган қизиқишларини оширишга, шунингдек, ўзбек халқи, унинг ўзига хос анъаналари ва урф-одатлари билан танишишга бўлган қизиқишларини оширди", деди у.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон ва Иордания таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтармоқда
Ҳиндистондаги ватандошимизга «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони топширилди
Ўзбекистоннинг Ростовдаги Бош консуллиги ходимлари меҳнат мигрантлари ҳузурида