Малайзиядан муносабат: Ислом цивилизацияси маркази ўзбек халқининг бой илмий-маънавий меросини дунёга тарғиб қилади
Март 18, 2026. 19:07 • 2 дақ
• 20
КУАЛА-ЛУМПУР, 18 март. /“Дунё” АА/. Малайзия Парламенти Сенати раиси ўринбосари Нур Жазлан Муҳаммад Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази очилиши муносабати билан табрик йўллади:
– 20 йил давомида Ўзбекистонга ташриф буюриб, унинг сиёсий ва ижтимоий меросининг ривожланишини кузатишга муваффақ бўлдим. Ўзбекистон жуда гўзал мамлакат. Фикримча, сўнгги ўн йил ичида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакат катта ўзгаришларни амалга оширди.
Мен Ўзбекистоннинг ислом цивилизациясининг маркази сифатида яна қайта ривожланаётганидан, жумладан Тошкент шаҳрида Ислом цивилизацияси марказининг бунёд этилганидан жуда хурсанд бўлдим.
Ўзбекистон халқини ва бутун мусулмон оламини ушбу йирик илм-маърифат марказининг очилиши билан самимий муборакбод этаман.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ўзбек халқининг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш ва дунёга тарғиб қилиш йўлидаги улкан қадамдир. Бу мажмуа шунчаки музей эмас, балки буюк алломаларнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини тадқиқ этувчи йирик илмий маскан бўлади.
Шу ўринда айтиш лозимки, аввал мамлакат нисбатан ёпиқ тизимга эга эди, аммо бугун у анча очиқ ва халқаро майдонда фаол иштирок этувчи давлатга айланди. Иқтисодиёт либераллаштирилди, инвестиция муҳити яхшиланди, институтлар мустаҳкамланди ва парламентнинг ўрни тобора кенгайиб бормоқда.
Шавкат Мирзиёев билан суҳбатлашиш ҳамда Ўзбекистон Парламенти раҳбарияти билан кўплаб учрашувлар ўтказишга муяссар бўлганман. Ишонаманки, Ўзбекистон етакчисининг иқтисодиётни очиш борасидаги саъй-ҳаракатлари савдо ва инвестициялар, технологиялар, молия ҳамда ҳалол саноат соҳаларида янги имкониятларни яратди.
Малайзия Жануби-Шарқий Осиёда Ўзбекистон учун муҳим ҳамкор бўла олади. Чунки Ўзбекистон Марказий Осиёнинг, Малайзия эса Жануби-Шарқий Осиёнинг марказида жойлашган. Бундан кўриниб турибдики, икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш учун мустаҳкам асос мавжуд.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси