Logo

Иқтидорли ҳамюртимиз халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмоқда

Март 26, 2026. 11:57 • 2 дақ

37
Иқтидорли ҳамюртимиз халқаро майдонда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмоқда

ЛОНДОН, 26 март. /“Дунё” АА/. Ҳамюртимиз, хонанда Ясмина Ҳусниддинова Буюк Британиянинг нуфузли телевизион лойиҳаларидан бири - “Britain’s Got Talent”да иштирок этиб, миллий маданият ва санъатимизни халқаро майдонда муносиб намойиш этмоқда, деб хабар қилади “Дунё” АА мухбири.

Ясмина ушбу машҳур шоуда иштирок этаётган биринчи ўзбекистонлик бўлди. У ўз чиқиши давомида юқори даражадаги вокал маҳорати, саҳна маданияти ва ўзига бўлган ишончни намойиш этиб, ҳакамлар ҳайъати ва томошабинларнинг ижобий мунсабатига сазовор бўлди.

Ясмина ёшлигидан мусиқа билан фаол шуғулланиб, бир қатор нуфузли республика ва халқаро танловлар совриндори ҳисобланади. “Ёшлар овози - Бўзатов FEST” республика танлови (2024), “Vitebsk-2024” (Беларусь) халқаро болалар мусиқа танлови ва “Sanremo Junior” (Италия) халқаро танловлари шулар жумласидандир. Бундан ташқари, у Туркия, Россия, Қирғизистон ва бошқа мамлакатларда ўтказилган бир қатор фестиваль ва танловларда ҳам ғолиб ва Гран-при соҳиби бўлган.

Таъкидлаш жоизки, 2007 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Britain’с Got Talent” дунёдаги энг рейтингли телевизион лойиҳалардан бири ҳисобланади. Иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати қарори ва томошабинлар овози натижаларига кўра баҳоланади.

Кўрсатув ғолиблари нафақат қимматбаҳо совғалар, балки Буюк Британия қироллик оиласи вакиллари иштирокида ўтказиладиган нуфузли тадбир – “Royal Variety Performance”да чиқиш қилиш имкониятига ҳам эга бўлади.

Ясмина Ҳусниддинованинг ушбу лойиҳадаги иштироки ўзбек маданияти ва санъатининг халқаро миқёсда тобора ортиб бораётган эътирофидан далолат беради, шунингдек, Ўзбекистонда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича изчил давлат сиёсатининг натижасидир.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш