Logo

Якутияда юртдошлар учун сайёр консуллик хизмати ташкил этилди

Март 20, 2026. 11:01 • 2 дақ

143
Якутияда юртдошлар учун сайёр консуллик хизмати ташкил этилди

ЯКУТСК, 24 март. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Владивосток шаҳридаги бош консулхонаси ҳамда Миграция агентлиги вакиллари амалий ташриф билан Якутияда бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф доирасида ҳудудда вақтинча ёки доимий яшаётган, меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари билан сайёр консуллик қабули ўтказилди.

Хусусан, “РусГидро”, “АЙСМИЛ”, “ИНС”, “Сева”, “ЖСК”, “РосКапСтрой” ва “Фаткулина” ХК корхоналарида меҳнат қилаётган юртдошлар ва мазкур ташкилотлар раҳбарияти билан мулоқот ўтказилди. Суҳбат давомида ходимларнинг меҳнат, яшаш ва овқатланиш шароитлари, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши масалалари ўрганилди.

Ватандошларга Бош консулхона фаолиятининг асосий йўналишлари тушунтирилди. Шу билан бирга, экстремизм ва радикализмга қарши курашишнинг долзарб масалалари бўйича тушунча берилди. Миллий ўзликни англаш, оилавий қадриятларга ҳурмат, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни асраш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Иш берувчилар билан учрашувлар давомида корхона вакиллари мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълум қилиб, қатор мутахассисликлар бўйича кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон фуқароларини жалб қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Миграция агентлиги ва хусусий бандлик агентликлари билан ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Жумладан, тегишли келишувлар лойиҳалари ва зарур ҳужжатлар рўйхати тақдим этилди.

Мурожаатларнинг катта қисми жойида ҳал этилди, айрим масалалар назоратга олинди, бир қатор мурожаатлар эса кўриб чиқиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун Россиянинг ваколатли органларига юборилди.

Ўтказилган тадбирлар ватандошлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, миграция соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш