Logo

Лондонда Наврўз байрами Ўзбекистонлик талабалар томонидан кенг нишонланмоқда

Март 24, 2026. 09:00 • 2 дақ

160
Лондонда Наврўз байрами Ўзбекистонлик талабалар томонидан кенг нишонланмоқда

ЛОНДОН, 24 март. /«Дунё» АА/. Буюк Британиянинг нуфузли таълим маскани - Лондон Университет Колледжида (UCL) баҳор ва янгиланиш рамзи Наврўзга бағишланган йирик маданий тадбир бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ва Британиядаги мамлакатимиз талабалари уюшмаси ташаббуси билан ташкил этилган мазкур ёшлар сайли нафақат минтақа давлатларидан келган талабалар, балки дунёнинг барча мамлакатларидан бўлган иштирокчиларни бирлаштирди ва уларнинг қалбида чуқур таассурот қолдирди.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон элчиси Равшан Усманов сўзга чиқиб, Наврўзни асрлар силсиласида сайқал топган беқиёс маънавий хазина сифатида таърифлади. У Наврўз нафақат баҳор ва табиат уйғонишининг рамзи, балки инсонпарварлик, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва эзгулик ғояларини улуғловчи муқаддас байрам эканлиги таъкидлади. Наврўз турли халқ ва маданиятларни бирлаштирувчи, қалблар ўртасида мустаҳкам ришталарни боғловчи, маданий мулоқотни равнақ топтирадиган ноёб ва бебаҳо анъана эканлиги қайд этилди.

Фестивалда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия, Озарбайжон ва дунёнинг турли нуқталаридан келган талабалар, диаспора вакиллари, дипломатик корпус аъзолари, Буюк Британиянинг академик доиралари ҳамда Марказий Осиё маданиятига қизиқувчи минглаб меҳмонлар иштирок этди.

Тадбир доирасида миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси, анъанавий мусиқа ва рақс чиқишлари, халқ амалий санъати намойишлари ҳамда сумалак ва миллий таомлар ярмаркаси ташкил этилди. Меҳмонлар шарқона меҳмондўстлик руҳини ҳис этиб, Наврўзнинг бетакрор муҳитини чуқур англаш имконига эга бўлдилар.

Шунингдек, маданий-маърифий мулоқотлар ва давра суҳбатлари ўтказилиб, ёшларнинг халқаро ҳамкорликдаги ўрни, таълим ва маданият соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар бундай ташаббуслар турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушунишни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Наврўз сайли доирасида меҳмонлар қадимий урф-одатлар, баҳорий маросимлар ва миллий қадриятлар билан яқиндан танишдилар. Миллий таомлар тарқатилиб, анъанавий ўйинлар ва саҳнавий чиқишлар орқали байрамнинг мазмун-моҳияти янада жонли акс эттирилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш