Logo

Ижтимоий ҳимоя соҳасида Ўзбекистон­–Франция ҳамкорлиги кенгайтирилади

Март 05, 2026. 17:37 • 58 сония

88
Ижтимоий ҳимоя соҳасида Ўзбекистон­–Франция ҳамкорлиги кенгайтирилади

ПАРИЖ, 5 март. /“Дунё” АА/. Элчихона кўмагида Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя агентлиги ҳамда Франция Бош вазири ҳузуридаги Ногиронлик масалалари бўйича идоралараро қўмита котибият вакиллари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокараларда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни иш билан таъминлаш, таълимга жалб этиш ҳамда бу борада икки давлат ўртасида ўзаро тажриба алмашиш юзасидан фикр алмашилди.

Шу билан бирга, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни меҳнат бозорига интеграция қилиш, соҳадаги қонунчилик ва институционал механизмларни такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Француз томони ушбу йўналишда яқин ҳамкорлик қилишга ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрлигини билдирди.

Учрашув якунида экспертлар даражасида мунтазам маслаҳатлашувларни давом эттириш, Англашув меморандумини ишлаб чиқиш ҳамда амалий тажриба алмашиш мақсадида ўзаро ташрифларни ташкил этишга келишилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш