Ўзбекистонда маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш масалалари муҳокама қилинди
Март 05, 2026. 14:29 • 2 дақ
• 135ПАРИЖ, 5 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича Халқаро маслаҳат қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш бўйича Халқаро маслаҳат қўмитаси (ХМҚ) – бу Ўзбекистонда жаҳон маданий мерос объектларини сақлаш ва бошқариш бўйича халқаро экспертлардан ташкил топган маслаҳат органи ҳисобланади. 2021 йилда мамлакатимизда ташкил этилган мазкур ташкилот ЮНЕСКО билан ҳамкорликда фаолият юритади. Қўмита таркибига турли давлатлардан маданий меросни муҳофаза қилиш, археология, архитектура ва шаҳарсозлик соҳаларидаги халқаро экспертлар киради.
Онлайн тарзда ташкил этилган учрашувда ХМҚга аъзо хорижлик етакчи экспертлар иштирок этди.
Суҳбат давомида ХМҚнинг 2024–2025 йиллардаги фаолияти, ўтказилган йиғилишлар, халқаро экспертларнинг Ўзбекистонга ташрифлари ва уларнинг амалий натижалари сарҳисоб қилинди.
Шу билан бирга, ХМҚнинг аъзолари томонидан тарихий шаҳарлар бошқаруви ва ландшафти, уларга тааллуқли шаҳарсозлик нормалари ва стандартлари бўйича фикр алмашилди.
Шаҳарларнинг барқарор ривожланиши ва маданий туризм бошқаруви, археологик ёдгорликлари бошқариш ва умумжаҳон мероси объектлари тизимларини мустаҳкамлаш бўйича тегишли таклифлар берилди. Маҳаллий мутахассислар салоҳиятини ошириш, ўқув тренинглар ташкил этиш ва лойиҳалар бошқаруви бўйича тавсиялар тақдим қилинди.
Маданий мерос агентлиги томонидан ХМҚнинг аъзолари тақдим этган тавсия ва мулоҳазаларни Ўзбекистонда амалиётга татбиқ этиш ҳолати юзасидан ахборот берилди.
Йиғилишда қўмитанинг 2026–2027 йиллардаги фаолияти истиқболларига ҳам алоҳида аҳамият қаратилди. Хусусан, қўмитанинг кейинги фаолият давридаги ҳамкорликнинг асосий тамойиллари, тартиби, устувор мақсадлари ва вазифалари бўйича маълумот берилди.
ХМҚнинг халқаро экспертлар иштирокида маданий мерос соҳасида маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириши муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

