Logo

Булунғурда илк бор Мисрнинг “Hermes” навли юқори сифатли картошка экилади

Март 03, 2026. 19:19 • 2 дақ

115
Булунғурда илк бор Мисрнинг “Hermes” навли юқори сифатли картошка экилади

ҚОҲИРА, 3 март. /“Дунё” АА/. Элчихона томонидан Ўзбекистон Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кенгаш раиси Сахи Аннакличев бошчилигидаги делегациянинг Мисрга хизмат сафари ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу хизмат сафари Ўзбекистон Президентининг юртимизда Миср тажрибаси асосида картошка уруғларини етиштиришни 1000 гектарга етказиш бўйича берган топшириқлари ижроси доирасида амалга оширилди.

Делегация таркибидан “Туронбанк”, “UzAgroStar Holding”, “Bulung‘ur – Agro Star”, “Agro Gold Premium” корхоналари раҳбарлари ўрин олди.

Ташриф чоғида Мисрнинг “EFC Plants Tissue Culture S.A.E.” ва “Bulung‘ur – Agro Star” компаниялари ўртасида Самарқанд вилояти Булунғур туманида картошка уруғларини ҳамкорликда кўпайтириш бўйича меморандум имзоланди.

Меморандумга кўра, компания томонидан 500 минг дона “Hermes” навли юқори сифатли картошка уруғларининг дастлабки авлоди – мини-тюбер (G0)ни Ўзбекистонга етказиб бериш кўзда тутилган. Юртимизда G1, G2 ва G3 авлодли картошка етиштириш давомида тўлиқ техник ва консультатив кўмак кўрсатиш учун экин мавсумида мутахассис жалб этилади. Ажратилган ер билан танишиш, сув ва тупроқ таҳлили асосида картошка уруғини етиштириш учун муносиб майдон танлаш ишлари бажарилади.

Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан ушбу картошка туганакларини Мисрдан келтиришга карантин рухсатномаси олиниши таъминланди.

“EFC Plants” билан келишувга кўра, компаниянинг қишлоқ хўжалик бўйича малакали мутахассиси (агрономи) Али Ҳани ал-Саид Ўзбекистонга картошка уруғини экиш ишларини амалга ошириш учун таклиф этилди.

“EFC Plants” томонидан 250 минг дона картошка уруғлари – мини-тюберларни Ўзбекистонга юбориш билан боғлиқ барча ташкилий масалалар ҳал қилинган. Уруғлар “Turk havo yo‘llari” авиакомпанияси рейси орқали юртимизга олиб келинади.

Уруғларнинг умумий вазни 770 кг бўлиб, 50х40х20 см ўлчамдаги 50 та махсус қутига жойланган. Авиаташувчи томонидан ушбу юкнинг 2-8 даража иссиқликдан ошмаган ҳароратда сақланиши, қуёш нури тушмаган ва қутилар ағдарилмаган ҳолатда юборилиши қатъий таъминланади.

Мисрдан юборилган картошка уруғларини етказиш билан боғлиқ алоҳида (специфик) шароит ва талабларни инобатга олиб, мисрлик мутахассис Али Ҳани назоратида юк Тошкент халқаро аэропортидан тегишли омборга келтирилади. Ҳозирда уруғларни Самарқанд вилоятига уларни сақлаш қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда жўнатиш ва экиш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш