“The World News”: Ўзбекистон Президенти “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастурини тасдиқлади
Февраль 18, 2026. 10:18 • 2 дақ
• 114
ИСЛОМОБОД, 18 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп «The World News» электрон нашрида «Ўзбекистон Президенти ислоҳотлар дастури ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастурини тасдиқлади» сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда 17 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёевга энг устувор ислоҳотлар дастурлари ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2026 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳалари юзасидан ахборот берилгани хабар қилинган.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳалар илғор хорижий тажриба асосида мутлақо янги ёндашув асосида ишлаб чиқилди. Уларда Ўзбекистон Президенти томонидан белгилаб берилган жорий йилдаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва мақсадли кўрсаткичлари ҳамда уларни амалга оширишнинг аниқ механизмлари белгиланмоқда.
«Ислоҳотлар дастурлари давлат раҳбарининг Ўзбекистон халқи ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ташаббуслар ва 2026 йил учун энг устувор ислоҳотларни қамраб олган. Булар маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини олиб кириш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш ҳамда ички бозорда талабни рағбатлантириш, касбларни ривожлантириш ва янги меҳнат бозори архитектурасини яратиш, экологик мувозанатни таъминлаш ва сувдан оқилона фойдаланишни ташкил этиш ҳамда давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жамиятда бирдамликни таъминлаш орқали уни юксалтириш», – дейилган материалда.
Таъкидланишича, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида эса стратегиянинг 2026 йил учун белгиланган мақсадли кўрсаткичлари ижроси ташкил этилади. Дастур билан 337 та банддан иборат амалий чора-тадбирлар режаси тасдиқланмоқда. 2026 йилда соҳалар кесимида энг муҳим 59 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ва энг муҳим стратегик ислоҳотларни назарда тутувчи 12 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Лойиҳаларни ишлаб чиқишда жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди. Давлат дастури кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилиб, 23 январь – 1 февраль кунлари оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида кенг тарғиб қилинди. Интернетда лойиҳа билан 5 миллиондан зиёд фойдаланувчи танишиб, 22 мингдан зиёд фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди. Таҳлиллар натижасида конструктив деб топилган 1000 га яқин таклиф саралаб олиниб, Давлат дастури лойиҳасига киритилди.
Дастурлар ижросини молиялаштиришга жами 250,5 триллион сўм ажратилиши ва 50,4 миллиард доллар маблағ жалб қилиниши кўзда тутилган.
«Ўзбекистон Президенти тақдимот қилинган лойиҳалар билан батафсил танишди, тегишли фармонни имзолаб, ислоҳотлар дастурлари ва «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» давлат дастурини тасдиқлади», – деб ёзган Покистон ОАВ.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
