Logo

Ўзбекистон элчиси ва Ҳиндистоннинг етакчи тадбиркорлик уюшмаси раҳбари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида қўшма бизнес-форумлар ўтказишни муҳокама қилди

Март 22, 2026. 09:10 • 2 дақ

174
Ўзбекистон элчиси ва Ҳиндистоннинг етакчи тадбиркорлик уюшмаси раҳбари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида қўшма бизнес-форумлар ўтказишни муҳокама қилди

ДЕҲЛИ, 22 март. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Ҳиндистон савдо-саноат палаталари федерацияси (The Federation of Indian Chambers of Commerce & Industry - FICCI) бош директори Жйоти Виж билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар доирасида апрель ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишига тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Элчи қўшма комиссиянинг бўлажак йиғилиши доирасида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида бизнес-форумлар ташкил этишни таклиф қилди. Ушбу тадбирларда икки мамлакатнинг етакчи тадбиркорлари иштирокини таъминлаш бўйича биргаликда иш олиб бориш муҳимлиги таъкидланди.

Жйоти Виж FICCI Ҳиндистоннинг нуфузли бизнес-делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этишда кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлади.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, апрель ойининг биринчи ярмида ҳинд компаниялари ҳамда Ўзбекистоннинг манфаатдор вазирлик ва тармоқ уюшмалари иштирокида онлайн-учрашув ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

FICCI Ҳиндистоннинг энг йирик миллий бизнес-ассоциацияси ва мамлакат ҳукуматининг асосий шериги ҳисобланади. Федерация фаолиятининг асосий йўналишлари иқтисодий сиёсат ва солиқ қонунчилиги масалаларида ҳукумат билан ҳамкорлик қилиш, Ҳиндистонни инвестиция йўналиши сифатида тарғиб қилиш ҳамда B2B ва B2G шаклларидаги халқаро форум ва учрашувларни ташкил этишни ўз ичига олади.

Федерация Ҳиндистоннинг барча штатлари ва иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида фаолият юритадиган 250 мингдан ортиқ компанияни бирлаштиради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш