Logo

Рақамли маҳсулотлар истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича муҳим вазифалар белгиланди

Декабрь 05, 2023. 10:51 • 2 дақ

644
Рақамли маҳсулотлар истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича муҳим вазифалар белгиланди

ТОШКЕНТ, 5 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон Президентининг «Рақамли маҳсулотлар (хизматлар) истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақамли технологиялар воситасида содир этиладиган ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш чоралари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Дунё АА мухбири.

Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 июлдан бошлаб тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари фақат АЖ шаклида ташкил этилиши ва фаолият кўрсатиши бўйича талаблар киритилади.

Тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотлари устав капиталининг энг кам миқдори: 2024 йил 1 июлдан бошлаб – тўлов тизими операторлари учун 50 миллиард сўмни, тўлов ташкилотлари учун 10 миллиард сўмни, 2025 йил 1 июлдан бошлаб эса тўлов ташкилотлари учун 20 миллиард сўмни ташкил этади.

Қарорга кўра, «Миллий банклараро процессинг маркази» МЧЖ устав капиталидаги давлат улуши тўлиқ Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказилади.

Шунингдек, Марказий банкка тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларига банк карталари билан боғлиқ шубҳали (фрод) операциялар содир этилган тақдирда банк карталари, банк ҳисоб варақлари ва мобил иловалардаги ҳисоб варақлардан фойдаланишни 3 кунгача муддатга вақтинча чеклаш тўғрисида мажбурий кўрсатмалар бериш ваколати берилди.

Маблағларни олувчи томонидан қимор ўйинлари ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти ҳамда капитал ҳаракати операциялари амалга оширилаётганлиги тўғрисидаги тўлов тизимининг операция коди ёки бошқа идентификаторлар белгиланганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд бўлганда, тижорат банклари томонидан банк картаси ёрдамида Ўзбекистон ташқарисида жойлашган маблағларни қабул қилувчига трансчегаравий ўтказиш тақиқланади.

Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг мурожаатлари асосида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан қонунга хилоф равишда қимор ўйинларида қатнашиш ҳамда капитал ҳаракати операцияларини амалга ошириш имконини берувчи Интернет тармоғидаги ахборот ресурслари белгиланган тартибда Ўзбекистон қонунчилиги билан тарқатилиши тақиқланган ахборот мавжуд бўлган Интернет тармоғи реестрига киритилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш