Ўзбекистоннинг ҳунармандчилик ва туризм маҳсулотлари Хитойнинг Хайнань провинциясида кенг намойиш этилмоқда
Апрель 21, 2026. 12:35 • 2 дақ
• 360ХАЙКОУ, 25 апрель. /“Дунё” АА/. Хитойнинг Хайкоу шаҳрида бўлиб ўтган “China International Consumer Products” кўргазмасида ўзбек миллий стенди намойиш қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Миллий ҳунармандчилик, тўқимачилик маҳсулотлари ва юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятига бағишлаб безатилган Ўзбекистон павильони кўргазма иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, юқори сифат ва нафис дид билан яратилган кулолчилик, каштачилик, зардўзлик, ёғоч ўймакорлиги ва чармсозлик маҳсулотлари харидорлар томонидан алоҳида эътироф этилди.
Кўргазма доирасида маҳаллий ва хорижий компанияларга Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари юзасидан батафсил маълумотлар берилди. Сайёҳлик ва экспорт йўналишларида янги ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича истиқболли таклифлар тақдим этилди. Бу каби иштирок “Made in Uzbekistan” брендини Хитой бозорида янада мустаҳкамлаш ва мамлакатимизга сайёҳлар оқимини кўпайтиришга хизмат қилади.
Мазкур кўргазма ҳар йили ХХР Тижорат вазирлиги ва Хайнань ҳукумати кўмагида ўтказилади. У Осиё-Тинч океани минтақасидаги энг йирик истеъмол товарлари кўргазмаси бўлиб, технологик инновациялар ва истеъмолчилар тенденцияларини намойиш этиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Маълумот ўрнида, 2025 йилги кўргазмада 70 та мамлакатдан 1700 та компания иштирок этган ва битимларнинг умумий миқдори 12,6 миллиард долларни ташкил этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


