Ўзбекистон ва Шри-Ланка ўртасида савдо-иқтисодий алоқалари кенгайтирилади
Апрель 27, 2026. 11:27 • 2 дақ
• 263
ИСЛОМОБОД, 27 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Шри-Ланкадаги элчиси (қароргоҳи Исломобод шаҳрида) Алишер Тўхтаев ушбу давлат Миллий савдо-саноат палатаси раиси Анура Варнакулассурия билан видеоконференция орқали учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Шри-Ланка ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш ва янги ҳамкорлик йўналишларини ишлаб чиқиш масалаларини муҳокама қилди.
Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, логистика, фармацевтика ва туризм соҳалари асосий ҳамкорлик йўналишлари сифатида белгиланди. Ушбу соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлар ўртасида B2B форматида учрашувлар ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Музокараларда туризм соҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Шри-Ланка томонига Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик имкониятлари, тарихий ва маданий мероси ҳамда ушбу мамлакат фуқаролари учун жорий этилган соддалаштирилган виза тартиби ҳақида маълумот берилди.
Анура Варнакулассурия Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, транспорт ва туризм соҳаларидаги ҳамкорлик ҳар икки томон учун фойдали эканини қайд этди. Унинг айтишича, Шри-Ланка тадбиркорлари Ўзбекистонга инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда.
Шунингдек, жорий йил июнь ойида Шри-Ланкада ўтказилиши режалаштирилган “Sri-Lanka Expo-2026” кўргазмасида Ўзбекистон вакилларининг иштирокини таъминлаш таклифи илгари сурилди.
Умуман, учрашув давомида билдирилган фикр ва ташаббуслар икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестиция ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси