Logo

Покистон компанияси Ўзбекистон фармацевтика соҳасига сармоя киритиш имкониятларини ўрганмоқда

Апрель 24, 2026. 14:55 • 3 дақ

81
Покистон компанияси Ўзбекистон фармацевтика соҳасига сармоя киритиш имкониятларини ўрганмоқда

ИСЛОМОБОД, 24 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва Покистоннинг “SAMI Pharmaceuticals” компанияси раҳбарияти ўртасида онлайн шаклда музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур мулоқотдан кўзланган асосий мақсад икки мамлакат ўртасида фармацевтика соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ва илғор технологияларни жорий этиш бўйича ўзаро манфаатли йўналишларни белгилаб олишдан иборат бўлди.

Учрашув давомида Ўзбекистонда ташкил этилган фармацевтика кластерлари ҳудудида замонавий ишлаб чиқариш қувватларини жойлаштириш, инновацион технологиялар трансфери, маҳсулотлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди. Шу билан бирга, соҳада халқаро стандартларга жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва уларни экспорт қилиш салоҳиятини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Покистон томонига Ўзбекистон фармацевтика бозорининг бугунги ҳолати, унинг ривожланиш тенденциялари ва истиқболлари ҳақида сўзлаб берилди. Жумладан, маҳаллий ва минтақавий бозорларда талаб юқори бўлган дори воситалари, инвестиция учун устувор йўналишлар, таклиф этилаётган истиқболли лойиҳалар ҳамда хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ва имтиёзларга тўтулиб ўтилди.

Шунингдек, «Tashkent Pharma Park» (Bio Pharma City) фармацевтика кластери лойиҳаси бўйича тақдимот ўтказилди. Унда ушбу кластер доирасида юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, халқаро стандартларга мос лабораториялар ташкил этиш ва инновацион маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятлари ҳақида маълумот берилди. Инвесторлар учун давлат томонидан тақдим этилаётган солиқ ва божхона имтиёзлари, инфратузилма билан таъминлаш, лицензиялаш жараёнларини соддалаштириш каби қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам алоҳида таъкидланди.

Шунингдек ўқинг

Ўз навбатида, «SAMI Pharmaceuticals» компанияси раҳбари ўз корхонаси фаолияти бўйича тақдимот ўтказди. Унда компаниянинг 50 йилдан ортиқ тажрибага эга экани, Покистондаги энг йирик ва нуфузли фармацевтика ишлаб чиқарувчиларидан бири сифатида шакллангани қайд этилди. Компания замонавий ишлаб чиқариш қувватлари, юқори сифат стандартлари, илмий изланишларга асосланган ёндашуви ҳамда халқаро бозорлардаги муваффақиятли фаолияти билан ажралиб туради.

Хорижий томон Ўзбекистонда фаолият юритаётган фармацевтика корхоналари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, илғор технологияларни жорий этиш, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш ва қўшма корхоналар ташкил этиш бўйича аниқ таклифларни илгари сурди.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутахассислари мазкур таклифларни чуқур ўрганиш, уларни амалга ошириш бўйича амалий механизмларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳамкорликдан манфаатдор маҳаллий корхоналарни аниқлаш ва жалб этишга кўмаклашишларини маълум қилишди.

Учрашув якунида ўзаро мулоқотни давом эттириш, яқин вақт ичида амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш ва ҳамкорликнинг энг самарали шаклларини ишлаб чиқиш юзасидан келишиб олинди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш