Ашхободда халқаро математика олимпиадасида ўзбекистонлик ўқувчилар 16 та медалга сазовор бўлди
Апрель 14, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 297
АШХОБОД, 14 апрель. /“Дунё” АА/. Туркманистон пойтахтида ўтказилган III халқаро математика олимпиадасида 180 нафардан ортиқ ёш математиклар иштирок этди, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
Интеллектуал беллашувлар Ашхобод шаҳридаги 135-ихтисослаштирилган ўрта мактабда бўлиб ўтди. Олимпиадада 12 та давлат – Россия, Хитой, Эрон, Ўзбекистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Беларусь, Арманистон, Озарбайжон, Туркия ва Туркманистон вакиллари қатнашди.
Мусобақа натижаларига кўра, жамоа ҳисобида биринчи ўринни Туркманистон ёшлари эгаллади. Ўзбекистон терма жамоаси 16 та медаль – 2 та олтин, 6 та кумуш ва 8 та бронза билан иккинчи ўринни қўлга киритди. Учинчи ўрин Тожикистон жамоасига насиб этди.
Беллашувлар “А” ва “Б” даражадаги икки тоифада ташкил этилди. Олимпиада аниқ фанлар соҳасида иқтидорли ёшларни аниқлаш билан бирга, таълим соҳасида халқаро гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди.
Тадбирнинг якуний қисмида Туркманистон таълим муассасалари ижодий жамоалари иштирокида маданий дастур ҳам намойиш этилди. Ёш санъаткорлар томонидан ижро этилган концерт дастури иштирокчи мамлакатлар маданиятини акс эттириб, дўстлик ва ҳамжиҳатлик муҳитини янада мустаҳкамлади.
Олимпиада ғолибларини тақдирлаш маросими Махтумқули номидаги Туркманистон давлат университетида ўтказилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси