Logo

Берлинда ватандошлар иштирокида “Сумалак сайли” бўлиб ўтди

Апрель 11, 2026. 15:30 • 2 дақ

122
Берлинда ватандошлар иштирокида “Сумалак сайли” бўлиб ўтди

БЕРЛИН, 11 апрель. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси томонидан “Ватандошлар” жамоат фонди, “Ниҳол” ўзбек-олмон ҳамда “Ўзбекойим” аёллар жамиятлари ҳамкорлигида Германияда истиқомат қилаётган ватандошлар учун “Сумалак сайли” ва Наврўз байрами ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тантанали тадбирда Берлин ва бошқа ҳудудларда фаолият юритаётган, илмий изланишлар олиб бораётган ҳамда таълим олаётган юзлаб ҳамюртларимиз оила аъзолари билан иштирок этди.

Мамлакатимиз элчиси Дилшод Ахатов йиғилганларни баҳор айёми билан қутлаб, хориждаги ватандошларни қўллаб-қувватлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши эканини таъкидлади.

Тадбир доирасида “Ниҳол” ўзбек-олмон жамияти раиси Нурбек Пўлатов ва “Ўзбекойим” жамияти ҳамраиси Феруза Гафурова сўзга чиқиб, Германиядаги ўзбек диаспорасининг фаолияти ва истиқболдаги режалари билан ўртоқлашди. Хусусан, ватандошларнинг фарзандлари учун ўзбек тили курслари, китобхонлик кунлари ва илмий-маърифий семинарлар ташкил этиш режалаштирилгани маълум қилинди. Жамият фаоллари Берлин атрофида яшаётган ватандошларни бирлаштириш ва миллий ўзликни сақлаб қолиш асосий мақсад эканини таъкидлади.

Байрам дастурхонига тортилган миллий таомлар ва сумалак иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди. Мазкур тадбир Германиядаги ватандошлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллий урф-одатларни ёш авлодга етказиш ва Ўзбекистон билан маданий алоқаларни янада ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш