Турк ОАВ: Наврўз байрами Туркия ва Ўзбекистонни янада яқинлаштирди
Март 25, 2026. 10:32 • 3 дақ
• 91
АНКАРА, 25 март. /“Дунё” АА/. Туркиянинг қатор ҳудудларида Ўзбекистон элчихонаси ва Бош консулхонаси ташаббуси билан ўтказилган тадбирлар турк оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кўплаб нашрларда Наврўз нафақат қадимий байрам, балки ўзбек маданий дипломатиясининг ёрқин намунаси экани алоҳида таъкидланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг Ҳатай вилояти аҳолисини тарихий ота юрт – Ўзбекистонга таклиф этиш ташаббуси Туркия ОАВ томонидан юқори баҳоланди. Телекўрсатувлар, газета ва журналлар ҳамда интернет нашрларида зилзиладан жабрланганлар, айниқса, ота-онасини йўқотган болаларнинг ташрифи Наврўзнинг инсонпарварлик, бирдамлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик каби юксак қадриятларини ифода этгани қайд этилди.
Репортаж ва интервьюларда Ҳатайдан келган меҳмонларнинг таассуротларига алоҳида эътибор қаратилди. Жабрланганлардан бири Ачеля Чичек қийин дамларда Ўзбекистон томонидан катта ёрдам кўрсатилганини алоҳида таъкидлади:
“Биз жуда хурсандмиз. Ростини айтсам, бундай эътиборни кутмагандим. Бу бизга жуда ёқди. Ўзбек қардошларимиз кўрсатган ғамхўрликдан бениҳоя мамнунмиз”.
Яна бир иштирокчи Нежла Авлар эса саёҳат ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:
“Зилзиладан кейин биринчи марта бундай кўтаринки руҳни ҳис қилдим. Бу унутилмас саёҳат кайфиятиммизни кўтарди. Эътибор учун Ўзбекистон Президентига миннатдорлик билдираман. Одамларнинг самимийлиги ва илиқ муносабати бошимиздан ўтган қийинчиликларни бироз бўлса-да унутишимизга ёрдам берди”.
Ҳатай делегацияси беш кун давомида Андижон, Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида бўлиб, Наврўз тантаналарида иштирок этди. Учрашувларда “Ота юрт” тарихи ва маданияти билан танишди, баҳорий байрам дастурхони таомларидан баҳраманд бўлди.
Шу билан бирга, Хатайнинг ўзида ҳам элчихона ва маҳаллий ҳокимият кўмагида аҳоли учун ўзбек палови ва сумалак билан байрам дастурхони ташкил этилди. Бу тадбир ўзаро ҳурмат ва меҳмондўстликнинг ёрқин ифодасига айланди.
Газиантеп шаҳрида Адолат ва тараққиёт партияси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирларда Ўзбекистон давлат филармониясининг “Лазги” ансамбли ҳамда Глиер номидаги ихтисослаштирилган мусиқа мактаби ўқувчиларининг чиқишлари алоҳида эътиборга сазовор бўлди. Маҳаллий “Олушум” газетаси уларнинг чиқишлари томошабинларда катта таассурот қолдирганини ва Ўзбекистон–Туркия ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамловчи кўприк вазифасини ўтаганини таъкидлади.
Бурса шаҳрида бўлиб ўтган Наврўз байрами ҳам ўзбекона руҳда нишонланиб, унда Юнус Ражабий номидаги Миллий мусиқа институти миллий рақс ансамблининг чиқишлари ҳамжиҳатлик ва биродарлик муҳитини янада мустаҳкамлади.
Измир шаҳрида эса ўзбекистонлик талабалар Наврўз анъаналари ва маданиятини намойиш этди. Томошабинлар миллий мусиқа, рақс ва гастрономия билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди. Тадбир якунида меҳмонларга ўзбек палови тортиқ этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси