Франкфурт ва Мюнхенда ватандошлар учун ифторлик ташкил этилди
Март 18, 2026. 16:45 • 2 дақ
• 76
ФРАНКФУРТ-МАЙН, 18 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан “Ҳумо” ва “Караван” ўзбек-немис маданий жамиятлари билан ҳамкорликда Франкфурт ва Мюнхен шаҳарларида истиқомат қилаётган ватандошлар учун ифторлик тадбирлари ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирларда ўзбек диаспорасининг 300 нафарга яқин вакиллари, талабалар ва жамоат фаоллари иштирок этди. Кечанинг фахрий меҳмонлари сифатида Фарғона шаҳридаги “Хўжамбердибой” масжиди имом-хатиби Ҳусниддин Турсунзода ҳамда Андижон шаҳридаги “Боботаваккал” масжиди имом-хатиби Муҳаммаджон Хўжаев қатнашди.
Мулоқот давомида иштирокчиларга муборак Рамазон ойининг фазилатлари, унинг маънавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурмат ва саховатпешаликни қарор топтиришдаги роли ҳақида сўзлаб берилди. Имомлар халқимизнинг бой маънавий мероси, бағрикенглик анъаналари ва маданиятлараро мулоқотнинг аҳамиятига тўхталиб ўтди.
Алоҳида эътибор миллий анъаналарни асраб-авайлаш, тарихий Ватан билан маънавий-маданий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш масалаларига қаратилди.
Ватандошлар бу каби учрашувлар диаспора жипслигини таъминлаш ва бегона юртда маданий ўзликни сақлаб қолишда муҳим эканини таъкидлаб, ташкилотчиларга ўз миннатдорликларини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси