Таниқли ўзбек пианиночиси Германияда навбатдаги концерт дастурини намойиш этди
Декабрь 03, 2025. 09:39 • 2 дақ
• 210БЕРЛИН, 4 декабрь. /“Дунё” АА/. Германия пойтахтида “Grünau” жамияти қошидаги “KulturTribüne” саҳнасида ўзбекистонлик таниқли пианиночи Элеонора Котлибулатованинг концерт дастури бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Элеонора Котлибулатова 1986 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Беш ёшида онасидан фортепиано чалишни ўрганади. В.Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа мактабида тажрибали устозлардан сабоқ олади. У бунгача “Туркистон” камер оркестри ҳамроҳлигида солист сифатида саҳнага чиқиб, илк концерт дастурини намойиш қилган. Истеъдодли ёш пианиночи Германиянинг Росток шаҳридаги мусиқа ва театр олий мактабида таҳсил олган. 2014 йилда Европадаги таниқли мусиқа даргоҳини муваффақиятли тамомлаган.
Элеонора Котлибулатова фортепиано концерт кечасида машҳур Фредерик Шопен, Сергей Рахманинов ва Пётр Чайковскийнинг мусиқий асарларидан иборат дастурни тақдим этди. Ижро давомида романтик мусиқанинг юксак маҳорат, нозик дид ва жозибали оҳанг палитраси билан уйғунлашгани томошабинлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
“30 йилдан буён санъат оламидаман. Кўплаб концертлар ташкил этдим. Элеонора Котлубулатова ажойиб қобилият соҳиби. Машҳур санъаткорлар асарларини маҳорат билан ижро этиш учун нафақат маҳорат, балки катта жисмоний куч ҳам зарур. Элеоноранинг таниқли санъаткорлар қаторидан жой олиб бораётганидан хурсандман. Унинг концерт дастурида гувоҳи бўлганингиздек, зал мухлисларга тўлди. Бу ҳам ижодкорга кўтаринки руҳ ва мамнуният бағишлади”, – дейди “Grünau” жамияти аъзоси, концерт ташкилотчи Ренате Руш.
Элеонора Котлибулатова қатор нуфузли халқаро даражадаги танловларда эътироф этилган. Хусусан, Киевдаги “XXI аср санъати” халқаро танлови, Париждаги Николай Рубинштейн номидаги кўрик-танлов, Руминия ва Малайзияда ўтказилган танловларда совриндори бўлган. У Европа, Осиё ва Америка мамлакатларида ўтказилган концерт дастурларида иштирок этиб, мамлакатимиз мусиқий санъатини дунёга танитмоқда. Айни пайтда у Берлин шаҳрида фортепиано ўқитувчиси сифатида фаолият юритмоқда.
“Берлинда навбатдаги яккахон концертимни ўтказдим, бу галги дастур “Муҳаббат” мавзусига бағишланди. Концерт залининг мухлислар билан тўлгани, томошабинлар мени жуда илиқ кутиб олишганидан жуда қувондим. Бугунги мусиқий чиқишимда элчихона вакилларини ташрифи менга ўзгача қувонч бағишлади. Бунинг учун мамлакатимизнинг Германиядаги элчихонасига миннатдорлик билдираман. Германияда она Ватаним – Ўзбекистонни намойиш этиш мен учун жуда шарафли ва фахрли. Ўз ижроларимни доимо юртимга бағишлайман. Чунки мусиқа бўйича билим ва кўникмаларимни айнан Ўзбекистондаги устозларимдан олганман. Германиядаги концерт дастурларимда ватандошларимиз, мамлакатимиз мени қўллаб-қувватлаб тургани менга куч беради”, – дейди Элеонора Котлибулатова.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди
“Анна Герман қўшиқлари” фестивалида юртдошларимиз совриндор бўлди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нуфузли “Prix Avicenne” мукофотига сазовор бўлди



