Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази нуфузли “Prix Avicenne” мукофотига сазовор бўлди
Декабрь 02, 2025. 14:03 • 2 дақ
• 123ТОШКЕНТ, 2 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази “Prix Avicenne – 2025” нуфузли мукофотига сазовор бўлди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Франциянинг етакчи илмий ташкилотлари томонидан таъсис этилган “Prix Avicenne” мукофоти гуманитар ва табиий фанларда кўрсатилган муҳим ютуқлар ҳамда тарихий ва илмий меросни сақлаш ва тарғиб этишга қўшилган ҳисса учун берилади.
Авиценна мукофотини топшириш маросими Парижда бўлиб ўтди. Ўша куни Франция Миллий тиббиёт академияси биносига хорижнинг етакчи олимлари, тиббиёт мутахассислари, шарқшунослар, ислом мероси бўйича нуфузли экспертлар йиғилди.
Тантанали маросимда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига “Prix Avicenne” мукофоти – буюк Авиценна ёдгорлик ҳайкалчаси ва дипломи топширилди.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, ушбу мукофот Ислом цивилизацияси марказининг буюк олим Ибн Сино меросини ўрганишда замонавий ёндашувларнинг жорий этгани учун тақдим этилган. Қолаверса, мутахассислар марказнинг илмий-маданий соҳа ривожига қўшаётган ҳиссаси, жаҳон гуманитар фанларига бераётган эътибори ҳамда янги лойиҳаларни ишлаб чиқаётганини алоҳида эътироф этди.
– Ушбу мукофот Президентимизнинг юртимизда ҳар бир соҳага бераётган юксак эътибор ва рағбатига берилган баҳо бўлди, десак муболаға бўлмайди, – дейди Ислом цивилизацияси маркази директори, ЎЗбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Жаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухоликов. – Яратилган шарт-шароитлар асосида марказимизда Авиценнанинг энг нодир қўлёзма асарлари қайта тикланди. Энг йирик ихтисослаштирилган архивлар ва электрон каталоглар яратилди. “Тиб илми қонуни” қўлёзмаларини солиштирувчи халқаро илмий лойиҳалар олиб борилмоқда. Тиббиётга оид илмий асарларни тиклаш йўналишлари ривожлантирилмоқда. Марказий Осиёдаги буюк мутакаллимларнинг жаҳон фанларига қўшган ҳиссасига бағишланган халқаро конференциялар ташкил этилмоқда.
Тадбирда Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрган кўплаб мутахассислар ушбу муассаса ҳақида тўлқинланиб сўзлади, илиқ фикрлар билдирилди. Марказда яратилган экспозициялар, Авиценна меросини ўрганиш ва тадқиқ қилиш бўйича имкониятлар муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Германия пойтахтида ўзбек сўзаналари кўргазмаси ташкил этилди
Польшада “Аёл қисмати” ўзбек фильми премьераси бўлиб ўтди
“Анна Герман қўшиқлари” фестивалида юртдошларимиз совриндор бўлди
Таниқли ўзбек пианиночиси Германияда навбатдаги концерт дастурини намойиш этди

