Logo

Ҳиндистон матбуоти авиацияни модернизация қилиш туфайли Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ошганини таъкидламоқда

Апрель 25, 2026. 10:30 • 2 дақ

1222
Ҳиндистон матбуоти авиацияни модернизация қилиш туфайли Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ошганини таъкидламоқда

ДЕҲЛИ, 25 апрель. /“Дунё” АА/. Ҳиндистоннинг туризм ва саёҳат янгиликларига ихтисослашган нуфузли “Travel And Tour World” нашри Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги асосий туристик хабга айланаётганига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Материалда Ўзбекистон авиация тармоғининг модернизация қилинаётгани мамлакатимизнинг халқаро сайёҳлар, жумладан, ҳиндистонлик туристлар учун жозибадорлигини қандай ўзгартираётгани ҳақида батафсил сўз юритилган.

Нашрда Ўзбекистон стратегик транспорт чорраҳаси сифатида фаол ўсиш босқичига кираётгани таъкидланган. Нашрнинг баҳолашича, авиақатновлар кўлами кенгаяётгани мамлакатимизнинг ноёб маданий мероси билан танишиш учун янги имкониятлар очадиган асосий омиллардан бири бўлиб хизмат қилмоқда.

“Travel And Tour World” таҳририяти воқеаларнинг бундай ривож топиши Ўзбекистоннинг қулай туташув рейслари нуқтаси ва мустақил жозибадор йўналиш сифатидаги аҳамиятини мустаҳкамламоқда.

Материал муаллифи авиасайёҳлар учун тўғридан-тўғри ва туташув рейслари кўпайгани, аэропортлар инфратузилмаси яхшилангани, саёҳатларни режалаштириш тезлашгани, минтақавий йўналишлар билан уйғунлик кенгайгани ва бошқа афзалликларга эътибор қаратган. “Такомиллашган авиақатнов саёҳат қилиш учун қўшимча қулайликлар яратмоқда”, деб таъкидлаган нашр.

“Travel And Tour World”нинг Ўзбекистон туристик салоҳиятига оид қарашлари алоҳида аҳамиятга эга. Нашр Буюк ипак йўлининг дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро ва Тошкент каби шаҳарларидан ташқари, бетакрор ва мўл-кўл бозорлар, табиатнинг гўзал гўшалари ва чўл ҳудудларига саёҳат турларига урғу берган.

Таҳлилчиларнинг фикрича, бу Ўзбекистонни тарих ихлосмандларидан тортиб янги туристик йўналишларга қизиқиш билдирадиган сайёҳларгача бўлган кенг доирадаги меҳмонлар учун жозибадор қилади.

Нашрда қайд этилган муҳим жиҳат - Ўзбекистоннинг минтақадаги бир неча мамлакат бўйлаб саёҳатлар учун “дарвоза” сифатидаги мавқеи ортиб бормоқда. Туристлар мамлакатимизга ташриф буюриб, қўшни давлатларга ҳам саёҳат қилиши мумкин.

Мақолада, шунингдек, Ўзбекистоннинг барқарор ривожланишга интилиши таъкидланган. Авиация тизимига экологик ечимларни жорий этиш ва парвозлар самарадорлигини ошириш муаллифлар томонидан глобал стандартларга мос келадиган масъулиятли ёндашув сифатида баҳоланган.

“Travel And Tour World” ўз хулосасида ушбу ўзгаришларни “минтақада туризм учун янги босқичнинг бошланиши” деб таърифлаган.

Ҳиндистон нашри Ўзбекистон транспорт қулайлигига сармоя киритиш орқали Марказий Осиёнинг қоқ марказида етакчи сайёҳлик йўналишига айланиш истагини ишончли тарзда намойиш этаётганини қайд этган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш