Парижда “Made in Uzbekistan” ўзбек ҳунармандчилиги маҳсулотлари савдо уйи очилди
Февраль 17, 2026. 10:35 • 2 дақ
• 128ПАРИЖ, 17 февраль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамда “Тадбиркор аёл” халқаро ишбилармон аёллар ассоциацияси билан ҳамкорликда бир гуруҳ тадбиркор аёлларнинг Францияга ташрифи ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида Парижда “Made in Uzbekistan” ўзбек ҳунармандчилиги маҳсулотлари савдо уйининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Нодир Ғаниев, Тошкент шаҳар хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш маркази директори Сайёра Жўраева, Ўзбекистондан ташриф буюрган тадбиркор аёллар, Франция ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ватандошлар иштирок этди.
Савдо уйи ижтимоий аҳамиятга эга бўлиб, унда хотин-қизлар ва ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотларини сотиш йўлга қўйилади.
Савдо уйининг асосий мақсади Франциянинг кенг жамоатчилигига ҳунарманд аёллар томонидан ишлаб чиқарилган миллий маҳсулотларни намойиш этиш ва тарғиб қилиш, мамлакатларимиз ўртасида маданий мулоқот учун майдон яратишдан иборат.
Ташриф доирасида Ўзбекистон элчихонасида делегация таркибида келган тадбиркорлар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Савдо уйи фаолиятини янада ривожлантириш, Францияда миллий маҳсулотлар ва ўзбек брендларини оммалаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки томонлама ҳамкорликнинг турли соҳаларида, жумладан, иқтисодиёт, мактабгача таълим, маданият ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Шунингдек, делегация аъзолари 2020 йилда очилган “Maison де l’Оузбекистан” бутик-галереяси фаолияти билан ҳам танишди.
Парижда “Made in Uzbekistan” ўзбек ҳунармандчилиги маҳсулотлари савдо уйининг очилиши ўзбек тадбиркорлари ва ҳунармандлари маҳсулотларини Франция ва бошқа Европа давлатлари бозорларида тарғиб қилиш ва сотишни ташкил этиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган навбатдаги амалий қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси






