Logo

Санкт-Петербургда ватандошлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича меморандум имзоланди

Декабрь 09, 2025. 09:31 • 59 сония

184
 Санкт-Петербургда ватандошлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича меморандум имзоланди

 САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 9 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Миграция агентлигининг ваколатхонаси, Санкт-Петербург Адвокатлар палатаси, “Санкт-Петербург” халқаро адвокатлар ҳайъати ҳамда Қирғизистон Бош консулхонаси ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Юртимизнинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан имзоланган ушбу ҳужжатга кўра, Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган фуқароларга малакали юридик ёрдам кўрсатиш, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш назарда тутилган.

Мазкур меморандумда Россия қонунчилиги бўйича бирламчи бепул юридик маслаҳатлар ташкил этиш, малакали юридик ёрдам кўрсатиш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, миграция ва бошқа давлат органларида фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, меҳнат мигрантлари ҳуқуқларига дахлдор масалалар бўйича бепул маъруза ва семинарлар ўтказиш, маълумотнома, таҳлилий ва услубий материаллар алмашиш белгиланган.

Санкт-Петербург Адвокатлар палатаси президенти Вячеслав Тенишев бундай турдаги уч томонлама меморандумлар Россияда биринчи марта имзоланаётгани ва бу давлатлар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланаётганининг рамзи эканини таъкидлади.

“Санкт-Петербург” халқаро адвокатлар коллегияси президенти Алексей Белкин петербурглик адвокатлар Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига малакали ёрдам кўрсатиш учун етарли тажриба ва ресурсларга эга эканига ишонч билдирди.

Ўзбекистон Бош консули Абдураҳмон Маҳмудов Россия томонига миннатдорлик билдириб, бу ҳужжатнинг турли ҳуқуқий масалаларни ҳал қилишдаги аҳамияти хусусида тўхталиб ўтди. 

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Saidaliyeva

nargiza@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш