Logo

Скандинавия давлатларида Темурийлар даврига оид китоблар ва экспонатлар сақланмоқда

Март 06, 2026. 10:37 • 3 дақ

289
Скандинавия давлатларида Темурийлар даврига оид китоблар ва экспонатлар сақланмоқда

СТОКГОЛЬМ, 6 март. /“Дунё” АА/.Ўзбекистон дипломатлари Скандинавия давлатларида сақланаётган Амир Темур ва темурийлар даврига оид китоблар, қўлёзмалар, ушбу давр санъати, меъморчилиги ва миниатюраларига оид экспонатларни ўрганди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўрганишлар натижасида маълум бўлдики, Швециядаги Уппсала университети кутубхонасида Мовароуннаҳр ва Ҳуросоннинг йирик маданий марказларида яратилган, XV асрга оид манускриптлар сақланмоқда. Улар орасида 1439 йилга тааллуқли, Шоҳрух Мирзо ҳукмронлиги даврида кўчирилган Низомий Ганжавийнинг “Хамса” асари нусхаси мавжуд. Бу ерда Алишер Навоий асарларининг қўлёзма нусхалари ҳамда чиғатой ва форс тилларидаги бошқа матнлар ҳам сақланади.

Кутубхона фонди бир неча асрлар давомида швед олимлари ва дипломатлари томонидан амалга оширилган харидлар ҳисобига шаклланган. Ҳозирги кунда каталогларда нафақат бадиий асарлар, балки Темурийлар даврига оид тарихий ва илоҳиётга доир илмий асарлар ҳам бор. Ушбу ҳужжатлар тадқиқотчилар учун очиқ бўлиб, университетнинг шарқ фондлари ягона ҳисоб тизимига киритилган.

Швециядаги яна бир олий таълим муассасаси ­– Лунд университети кутубхонасида XV аср охирида яратилган тарихий асарларни учратиш мумкин. Жумладан, бу ерда 1494 йилда ёзилган, тарихчи Хондамир қаламига мансуб “Хулосат ал-ахбор” қўлёзмаси сақланмоқда. Мазкур асар Ҳирот шаҳрида, Султон Ҳусайн Байқаро ҳукмронлиги йилларида ёзилган бўлиб, Темурийлар сулоласи даврини ҳам қамраб олган ҳолда тарихий воқеаларни тизимли баён этади.

Кутубхонада тарихий асарлардан ташқари, Темурийлар даври анъаналарига мувофиқ безатилган классик шеърият намуналари ҳам сақланмоқда. Ушбу материаллар швед илмий доираларининг минтақанинг интеллектуал меросига бўлган қизиқишини тасдиқлайди. Экспонатлар шарқ қўлёзмалари бўйича ихтисослаштирилган реестрларда қайд этилган.

Читайте также

Даниянинг Копенгаген шаҳрида жойлашган Давид музейи коллекциясида Темурийлар даврига оид амалий санъат намуналари мавжуд. Фондларда нефритдан ясалган буюмлар, XIV–XV асрларга мансуб, нақш ва инкрустация билан безатилган металл идиш-товоқлар сақланади. Ушбу экспонатлар Самарқанд ва Ҳирот шаҳарларидаги ҳунармандчилик ишлаб чиқаришининг юқори даражасини намоён этади.

Шунингдек, бу ерда Ҳирот мактабига мансуб айрим миниатюра варақлари ва манускриптлар фрагментлари мавжуд. Музей ушбу экспонатларни ислом маданий меросининг ажралмас қисми сифатида баҳолайди. Данияда сақланаётган XIV–XV асрларга оид ушбу намуналар Темурийлар санъат асарларининг Марказий Осиё ҳудудидан ташқарида ҳам кенг тарқалганидан дарак беради.

Дания миллий музейидаҳам Амир Темур даврига оид моддий маданият намуналари сақланмоқда. Булар асосан XV аср Мовароуннаҳр ҳудудига хос бўлган керамика буюмлари ва мис қоришмаларидан тайёрланган нақшинкор буюмлардир. Экспонатлар турли даврларда музей фондига топширилган бўлиб, Шарқ ўрта аср санъати намуналари сифатида ҳужжатлаштирилган.

Мазкур музейда Темурийлар ҳукмронлиги даври хронологик доирасига мансуб тўқимачилик фрагментлари ва маиший буюмлар элементлари ҳам мавжуд. Ушбу экспонатлар музейнинг доимий фондларида сақланади ҳамда ислом олами тарихи ва Буюк Ипак йўлига бағишланган экспозицияларда намойиш этилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш