Тошкентда Ўзбекистон ва Хитой ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди
Апрель 20, 2026. 19:50 • 2 дақ
• 55
ТОШКЕНТ, 20 апрель. /“Дунё” АА/. Бугун Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва ХХР ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, делегацияларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усманов ва Хитой ташқи ишлар вазири ўринбосари Лю Бинь бошчилик қилди.
Музокаралар давомида томонлар Ўзбекистон-Хитой муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиб, икки томонлама ҳамкорликнинг барқарор ижобий суръатини қайд этдилар. Олий ва юқори даражада эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, ҳар томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.
Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, юқори технологиялар, “яшил” энергетика ва рақамлаштириш соҳаларидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар гуманитар ҳамкорлик масалаларини ҳам кўриб чиқдилар, жумладан академик алмашинувларни кенгайтириш, қўшма таълим дастурлари ва маданий ташаббусларни ривожлантириш бўйича фикр алмашдилар.
Минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалари муҳокама этилди. БМТ, ШҲТ, “Марказий Осиё – Хитой” формати ҳамда бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида ҳамкорликни давом эттириш қайд этилди.
Маслаҳатлашувлар якунлари бўйича томонлар Ўзбекистон-Хитой муносабатларини янада чуқурлаштириш ва эришилган келишувларни изчил амалга оширишда ўзаро манфаатдор эканликларини билдирдилар.
“Дунё” АА олган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси