Пекиндан муносабат: Хитой аудиториясини Ўзбекистондаги ижобий ўзгаришлар билан таништиришга тайёрмиз
Январ 19, 2026. 09:23 • 2 дақ
• 94
ПЕКИН, 19 январь. /“Дунё” АА/. Хитойнинг “Psearcher” нашриёт компанияси менежери Ван Минмей “Дунё” АА учун Ўзбекистон Президенти раислигида 15 январь куни бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятига бағишланган йиғилиш якунлари бўйича фикр билдирди:
– Ўзбекистон етакчисининг ташқи сиёсат ва элчихоналар фаолиятига бағишланган йиғилишдаги маърузаси билан яқиндан танишиб чиқдим.
Йиғилиш якунида Ўзбекистон фуқароларини хорижда қонуний ва юқори даромадли иш ўринлари билан таъминлаш, уюшган меҳнат миграцияси географиясини кенгайтириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланди. Бу эса фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, малакали юридик ёрдам кўрсатишга қай даражада эътибор қаратилаётганидан яққол далолат беради.
Шу билан бирга, Ўзбекистон раҳбари хорижий оммавий ахборот воситалари билан тизимли ишлаш ва махсус медиа-лойиҳаларни амалга ошириш орқали ташқи ахборот сиёсатини фаоллаштириш ва мамлакатнинг халқаро имижини оширишга алоҳида эътибор қаратди.
Хитой оммавий ахборот воситалари вакили сифатида Ўзбекистоннинг халқаро жамоатчиликни мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар тўғрисидаги муҳим маълумотлар билан хабардор қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайман. Натижада, етакчи оммавий ахборот воситалари ўтказилаётган халқаро тадбирлар, Ўзбекистоннинг минтақа ва жаҳон тараққиётига қаратилган муҳим ташаббуслари ҳақида ҳикоя қилмоқда.
Нашримиз хитойлик аудиторияни Ўзбекистондаги барча соҳалардаги ижобий ўзгаришлар билан таништиришда ёрдам беришга тайёр.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси