Ўзбекистон ва Польша ўртасида молиявий ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Апрель 24, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 230
ВАРШАВА, 24 апрель. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Польша Миллий иқтисодиёт банки (“BGK”) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унда банк бошқаруви раиси ўринбосари Ярослав Дамбровски, Халқаро ҳамкорлик департаменти директори Пиотр Яблонский ҳамда Халқаро бизнес ва ҳамкорлик бошқармаси раҳбари Йоанна Венгржин иштирок этди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон–Польша ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ва банк-молия соҳаларидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда ривожланиш истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Польшалик тадбиркорларнинг Ўзбекистон бозорига қизиқиши тобора ортиб бормоқда. 2025 йил октябрь ойида Краков шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекистон Марказий Осиёга дарвоза – Ўзбекистонда бизнес қилинг” мавзусидаги йирик бизнес-форум натижалари банк томонидан ижобий баҳоланди.
“BGK” вакиллари форум якунлари бўйича энергетика, фармацевтика, логистика ва ахборот технологиялари каби устувор йўналишларда қатор ўзаро манфаатли савдо ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш юзасидан муҳим қарорлар қабул қилинганини таъкидлади.
Учрашув якунида Польша Миллий иқтисодиёт банки ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли молия ташкилотлари ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаш, шунингдек, банк делегациясининг жорий йил май–июнь ойларида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган халқаро анжуманларда иштирок этиши юзасидан келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси