Ўзбекистон элчиси Польша муфтийси, Мусулмонлар уюшмаси раиси билан учрашди
Июнь 27, 2024. 17:25 • 2 дақ
• 119
ВАРШАВА, 27 июнь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Aмирсаид Aъзамходжаев Польша Мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий Томаш Мишкевич билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил сўзлаб берилди. Барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кўп миллатли Ўзбекистондаги янгиланишларнинг асосий устувор йўналиши эканлиги таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистонда фуқароларнинг ибодат амалларини эмин-эркин адо этишлари учун барча шарт-шароитлар яратилгани урғуланди.
Бундан ташқари, кейинги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш бўйича комплекс тизим яратилгани қайд этилди. Буюк аждодларимиз қолдирган бой меросини ўрганиш ва кенг оммалаштириш, кейинги авлодга етказиш мақсадида ҳаётга тадбиқ этилаётган дастурлар, ташкил этилаётган илмий тадқиқот марказлари фаолияти қайд этилди. Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Ҳадис илми мактаби, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот марказлари фаолияти ва бошқалар ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Польша Мусулмонлари уюшмаси раиси, муфтий Томаш Мишкевич Ўзбекистонда мазкур йўналишдаги ўзгаришларни юқори баҳолади. Шунингдек, у Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар халқаро майдонда ҳам эътироф этилаётгани алоҳида қайд этди.
Учрашув якунида жорий йил давомида Томаш Мишкевичнинг Ўзбекистонга, мамлакатимиз уламоларининг эса Польшага амалий сафарини ташкил этиш, Польшада юртимиз "зиёрат туризми" имкониятларини кенг тарғиб қилишга қаратилган тарғибот тадбирларини биргаликда уюштириш ва бошқалар тўғрисида келишиб олинди.
Томаш Мишкевич 1977 йилда Белосток шаҳрида туғилган. 1993 йилдан 2000 йилгача Мадина ислом университетида таҳсил олган. 2000 йилда Белосток Мусулмонлари уюшмасининг имом-хатиби этиб тайинланган, кейин эса Польша Мусулмонлари уюшмаси Имомлар кенгаши раиси лавозимига сайланган. 2004 йилда у Польша муфтийси ва Мусулмонлари уюшмаси Олий кенгаши раиси бўлди.
Польша Мусулмонлари уюшмаси Польша ва Литва татарларининг бирлашмаси ҳисобланади. Уларнинг ота-боболари бундан 600 йил аввал ҳозирги Польша ҳудудига кўчиб келган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади