Ўзбекистон элчиси Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазирлигининг ташқи иқтисодий масалалар бўйича давлат котиби ўринбосари билан учрашди
Октябрь 03, 2024. 10:02 • 2 дақ
• 324
БУДАПЕШТ, 3 октябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазирлигининг ташқи иқтисодий масалалар бўйича давлат котиби ўринбосари Каталин Бихари билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Музокаралар давомида Қўқон шаҳрида Ўзбекистон-Венгрия ҳудудлараро форумини ташкил этиш, Тошкент ва Будапешт шаҳарлари ўртасидаги авиақатновларни мунтазам амалга ошириш ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Каталин Бихари жорий октябрь ойида Қўқон шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган Ўзбекистон-Венгрия биринчи ҳудудлараро форумини ташкил этишда вазирлик амалий ёрдам беришини ва мазкур тадбирни уюштириш учун Венгрия Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги раҳбарияти барча зарур кўмак кўрсатишини таъкидлади.
Томонлар ҳудудлараро форум дастури ва икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида B2B ва B2G шаклларидаги учрашувларни уюштириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Шунингдек, Венгрия вакили, мамлакат ҳукумати жорий йил август ойидан буён "Қанот Шарқ" авиакомпанияси томонидан Тошкент ва Будапешт ўртасидаги амалга оширилаётган авиапарвозларни қўллаб-қувватлашини ҳамда уларни давом эттириш тарафдори эканлигини билдирди.
Бундан ташқари, учрашувда икки давлат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қиладиган истиқболдаги муҳим дастурлар кун тартиби хусусида ҳам фикр алмашилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси