Logo

Ўзбекистон элчиси Покистондаги етакчи ОАВ раҳбарлари билан учрашди

Ноябрь 27, 2025. 16:58 • 2 дақ

216
Ўзбекистон элчиси Покистондаги етакчи ОАВ раҳбарлари билан учрашди

ИСЛОМОБОД, 27 ноябрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистондаги марказий "Associated Press of Pakistan" ААнинг дипломатик ва глобал ҳамкорлик бўйича директори Али Раза Алви ҳамда "DND News Agency" АА раҳбари Аға Иқрор Харун билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

 Мулоқот жараёнида элчи мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Хусусан, юртимизда оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, журналистларнинг эркин ижод қилиши учун зарур шарт-шароит ва ҳуқуқий асослар яратилганини таъкидлади.

Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Покистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва истиқболларига эътибор қаратилди. Фаол сиёсий мулоқотлар, самарали парламентлараро ва идоралараро алмашинувлар давом этаётгани, савдо-иқтисодий йўналишдаги яқин шериклик янги босқичга кўтарилгани эътироф этилди.

Шунингдек ўқинг

Икки давлат ва халқни муштарак тарих ва маданий мерос, умумий дин ва қадриятлар бирлаштириб туриши таъкидланди. Бу ришталарни янада мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг билим ва савиясини ошириш мақсадида икки томон оммавий ахборот воситалари ўртасида ҳамкорлик алоқаларни ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

Савдо-иқтисодий йўналишдаги мақсадли кўрсаткичларга эришиш, товар айланмаси ҳажмини янада ошириш, икки давлатнинг мавжуд салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун бизнес доира вакилларини ишончли ва батафсил ахборот билан таъминлашнинг аҳамияти ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

 Али Раза Алви икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш учун хусусий ташаббус остида ишлайдиган махсус ижтимоий медиа платформасини яратишни кўриб чиқишни таклиф қилди. Унинг айтишича, бундай платформа маънавий-маърифий, мусиқа, театр, шеърият, миллий ошхона ва бошқа умумий анъаналарни ўз ичига олган маданий йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.

 Аға Иқрор Харун ОАВ ўртасидаги ҳамкорликдан ташқари, тарихий ва маданий алмашинувларни ривожлантириш муҳимлигини алоҳида таъкидлаб, Ўзбекистон тарихи ва миллий қадриятларини жамоатчиликка етказиш учун урду тилида китоблар тайёрлаш ва чоп этишга тайёрлигини билдириб ўтди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш