Польша Сейми депутати Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади
Июль 05, 2026. 16:10 • 2 дақ
• 4
ВАРШАВА, 5 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Амирсаид Аъзамхўжаев шу йил 7–11 июль кунлари юртимизда ўтказиладиган I Халқаро ислом цивилизацияси форумида Польша делегациясининг иштироки юзасидан Польша Сейми (қуйи палата) депутати, собиқ ташқи ишлар вазири Збигнев Рау билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат давомида парламент аъзоси 2022 йилда давлатимиз раҳбари билан бўлиб ўтган учрашувни илиқ хотирлади. Президентимизнинг Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашдаги беқиёс ўрнини юксак баҳолади.
Шу билан бирга, у сўнгги йилларда мамлакатимизда замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди. Ўзбекистоннинг минтақадаги етакчи давлатлардан бирига айланганини алоҳида таъкидлади.
Суҳбатдошнинг қайд этишича, республикамизда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашнинг энг муҳим омилларидан бири жамиятда ижтимоий уйғунлик ва аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик муҳитининг қарор топганидир.
Збигнев Рау Ўзбекистонда кузатилаётган юқори демографик ўсиш суръатларини юксак баҳолаб, мазкур тенденция мамлакатнинг нафақат Марказий Осиёдаги, балки халқаро майдондаги геосиёсий нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Учрашув якунида томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, фан ва маданият соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш ҳамда ушбу йўналишларда тизимли ҳамкорликни давом эттириш юзасидан келишувга эришди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси