Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо алоқаларини янада мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинди
Ноябрь 18, 2025. 14:14 • 2 дақ
• 60
ИСЛОМОБОД, 17 ноябрь /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Равалпинди Савдо-саноат палатаси (RCCI) президенти Усман Шавкат бошчилигидаги Покистон ишбилармон доиралари вакиллари делегацияси билан учрашди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот чоғида RCCI президенти бошчилигидаги Покистон бизнес делегациясининг Ўзбекистонга амалга оширган сафари якунлари муҳокама қилинди.
Покистон томони мазкур бизнес-миссия давомида ўтказилган бизнес-форум, B2B ва В2G шаклидаги учрашувлар, Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси раҳбарияти билан кечган музокаралар ҳамда Тошкентда бўлиб ўтган 36-Халқаро ютуқларни тақдирлаш маросими ва Бизнес имкониятлари конференцияси ("International Achievement Awards and Business Opportunities Conference") нинг юқори даражада ташкил этилишида кўрсатилган ёрдам учун мамлакатимиз дипломатик ваколатхонаси раҳбарига миннатдорлик билдирди.
– Бир юз элликдан ортиқ покистонлик тадбиркорлар сафар давомида Ўзбекистон расмий ва ишбилармон доиралари вакиллари билан самарали музокаралар ўтказди, – деди Усман Шавкат. – Уларда Покистон тадбиркорлари учун энг яхши шароитларни яратиш, қўшма бизнес лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш каби кўплаб масалалар муҳокама қилинди. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича 10 дан зиёд келишувларга эришилди. Шунингдек, Покистоннинг йигирмадан ортиқ компаниялари "Tashkent Pharma Park" фаолияти билан танишди ва ўзбекистонлик шериклар билан дори воситаларини маҳаллийлаштириш юзасидан фикр алмашди. Биз мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳар қандай ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрмиз.
Учрашув давомида, шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги икки томонлама иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ўзаро савдо ҳажмини
2 миллиард долларга етказиш, биргаликда импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари хусусида фикр алмашилди.
Томонлар аниқ қўшма лойиҳаларни келишиш мақсадида икки мамлакат ҳудудларида иқтисодий тадбирлар, шу жумладан бизнес-форум ва бизнес-миссияларни биргаликда мунтазам ташкил этиш тўғрисида келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси