Logo

Малайзия корпорацияси Ўзбекистонда талабалар учун турар-жойлар барпо этишга инвестиция киритиш истиқболларини ўрганади

Август 08, 2024. 07:33 • 2 дақ

307
Малайзия корпорацияси Ўзбекистонда талабалар учун турар-жойлар барпо этишга инвестиция киритиш истиқболларини ўрганади

КУАЛА-ЛУМПУР, 8 август. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "MARA Corporation Sdn Bhd" корпорацияси директорлар кенгаши раиси Муҳаммад Рафи бин Шаҳзада билан учрашди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Мулоқот аввалида "MARA Corporation" корпорациясининг шуъба корхоналари ва унинг бизнес тузилмалари тўғрисида батафсил тақдимот ўтказилди.

Томонлар Ўзбекистонда қўшма ўқув дастурларини шакллантириш, келажакда қўшма факультет очиш ва Малайзиянинг технологиялар соҳасидаги етакчи таълим муассасаларидан бирининг филиалини ташкил этиш, шунингдек, кўчмас мулк соҳасига, хусусан талабалар учун турар-жойлар барпо этишга инвестиция киритиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Малайзия вакили Ўзбекистон томони таклифларини ўрганиш учун корпорация ва унинг таркибига кирувчи компаниялар раҳбарларидан иборат Бошқарув қўмитасини ташкил этишга ва корпорация вакилларини Ўзбекистонга юборишга тайёрлигини билдирди.

"Ушбу Бошқарув қўмитаси ўзаро ҳамкорликда тегишли экспертларни жалб этган ҳолда Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида таълим соҳаларида амалга оширилиши мумкин бўлган ўзаро ҳамкорлик лойиҳаларини ҳамда бу борадаги ҳуқуқий базага оид таклифларни ишлаб чиқиш ва тегишли шартномаларни тайёрлашга масъул ҳисобланади", деди Муҳаммад Рафи бин Шаҳзада.

Учрашув якунида мазкур Бошқарув қўмитасига ҳар иккала томондан тегишли олий ўқув юртлари ва ташкилотлар вакилларини киритиш ҳамда ўзаро амалий саъй-ҳаракатларни бошлаш тўғрисида келишилди.

"MARA" корпорацияси Малайзия Ҳудудий ва қишлоқ тараққиёти вазирлиги қошида Халқ ишончи кенгаши (Majlis Amanah Rakyat – MARA) агентлигининг активлари, тижорий тузилмалари, кўчмас мулк ва инвестицияларини марказлашган ҳолда бошқариш мақсадида 2014 йилда ташкил этилган. Корпорация Малайзияда таълим, молия, кўчмас мулк, логистика ва хизмат кўрсатиш йўналишларида фаолият юритувчи 23 та компанияни ўз ичига олган. 2023 йилда корпорация умумий даромадининг 72 фоизи таълим соҳасига тўғри келган.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш