Малайзияда "Ўзбекистон маданияти ҳафталиги" ўтказилади

Декабрь 05, 2024. 16:58 • 2 дақ

203
Малайзияда "Ўзбекистон маданияти ҳафталиги" ўтказилади

КУАЛА-ЛУМПУР, 5 декабрь. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзия туризм, санъат ва маданият вазири Тионг Кинг Синг билан учрашув ўтказди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Учрашувда туризм, маданий алмашинувлар, таълим, малака ошириш ва ўзаро тажриба алмашиш йўналишларида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Малайзияда "Ўзбекистон маданияти ҳафталиги"ни ташкил қилиш, икки мамлакат ўртасидаги авиақатновлар сонини кўпайтириш, туризм соҳасида ҳамкорлик бўйича Қўшма комиссия таъсис этиш, туроператорлар томонидан турпакетларни диверсификация қилиш, республика вакиллари учун янги малака ошириш дастурларини уюштириш каби режалар белгилаб олинди.

Томонлар сўнгги йилларда ушбу соҳалардаги алоқалар жадал ривожланиб бориши шароитида ўзаро шартномавий базани такомиллаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар.

Вазир Тионг Кинг Синг Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан креатив иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, республиканинг бой маданий меросини кенг тарғиб қилиш, туризм инфратузилмани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолади. "Бундай тизимли сиёсат мамлакатни дунёда янада кенг танитиши, туризмни иқтисодиётнинг стратегик секторига айлантириши ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади. 2025 йилда ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессиясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши ҳақидаги қарор республиканинг нуфузли маданий дипломатия ва ишбилармонлик марказига айланиб бораётганидан далолатдир", - деди у.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш