Logo

Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган халқаро фестивалда Ўзбекистоннинг бой мероси ва туризм салоҳияти тақдим этилди

Май 01, 2025. 12:51 • 56 сония

716
Қоҳира шаҳрида бўлиб ўтган халқаро фестивалда Ўзбекистоннинг бой мероси ва туризм салоҳияти тақдим этилди

ҚОҲИРА, 1 май. "Дунё" АА/. Миср пойтахтидаги Бадр университетида Халқаро маданият, туризм ва хорижий тиллар фестивали бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда Ўзбекистон АҚШ, Германия, Хитой, Испания, Италия дипломатик ваколатхоналари, маданият ва тил марказлари вакиллари иштирок этди.

Тадбир майдонида ўрнатилган стендда мамлакатимизнинг маданий ва туризм салоҳиятини тарғиб қилувчи тарқатма материаллар, китоблар ва брошюралар фестиваль иштирокчиларига тақдим этилди. Шунингдек, Бухоро, Самарқанд, Хоразм шаҳарларидаги қадимий ёдгорликлар ва ўзбек миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш этилди.

Айниқса, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Ибн Сино, ал-Хоразмий ватани бўлган ўлканинг табиати, миллий маданияти ва таомлари тўғрисидаги материаллар фестивали меҳмонларида катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон стенди ва ўзбек миллий таомларининг мазаси ташкилотчилар ҳамда меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.

Ташкилий қўмита ва университет раҳбарияти ушбу Халқаро маданият-туризм фестивали ёпилиш маросимида Ўзбекистон элчихонасига алоҳида миннатдорлик билдирди.

Бадр университети Мисрдаги хусусий олий таълим муассасаси бўлиб, 2014 йилда ташкил этилган. Университет 45 гектарлик кампусни ўз ичига олади ва бу ерда 16000 дан зиёд талаба таҳсил олади. Талабаларга дунёнинг энг етакчи 25 университети ўқув дастурлари асосида билим берилади.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш