Ўзбекистон ва Қатар таълим соҳасидаги икки томонлама алоқаларни ривожлантириш имкониятларини муҳокама қилмоқда
Май 11, 2024. 10:52 • 2 дақ
• 364
ДОХА, 11 май. /"Дунё" АА/. Ўзбекистон элчиси Ашраф Ходжаев Қатар таълим ва олий таълим вазири Бусаина бинт Али Ан-Нуаймий билан учрашув ўтказди, хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Суҳбат давомида Қатар университетларида ўзбекистонлик талабалар учун квоталар ажратиш ва уларнинг сонини кўпайтириш, Қатар ва Ўзбекистон мактаб ва олий таълим муассасалари ўртасида алмашинув, долзарб йўналишларда қўшма ўқув дастурлари ва илмий лойиҳалар, тадқиқотлар ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Вазир Бусаина бинт Али Ан-Нуаймий Ўзбекистон ва Қатар ўртасида икки томонлама дўстона алоқалар мустаҳкамланиб бораётганидан мамнунлигини билдирди. "Яқинда Дохадаги Мушайриб маданий марказида бўлиб ўтган Ўзбекистон ҳунармандчилиги кўргазмасини шахсан бориб кўрдим ва жуда таъсирландим. Ўзбекистоннинг тарихий мероси ва жаҳон цивилизациясига қўшган улкан ҳиссаси беқиёс ва сизлар бундан ҳар қанча фахрлансангиз арзийди", деди у.
Қатар вазири, шунингдек, ўрта мактаб ўқувчилари ўртасида ўзаро алмашинувларни йўлга қўйиш ҳамкорлик йўналишларидан бири бўлиши мумкинлигини билдирди. Қайд этилишича, Қатар Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда ўтган апрель ойида қатарлик мактаб ёшидаги болалар жамоасининг Тошкент ва Самарқандга саёҳати уюштирилган. Қатар томони ушбу лойиҳа муваффақиятли амалга оширилганини қайд этиш баробарида, уни доимий ва ўзаро тарзда йўлга қўйиш мумкинлигини маълум қилди.
Мулоқот чоғида ҳозирги кунда долзарб ҳисобланадиган соҳаларда қўшма илмий изланишлар ва тадқиқотлар ўтказиш таклифи ҳам Қатар томонидан қўллаб-қувватланди.
Музокаралар натижасида Ўзбекистон ва Кўрфаз араб мамлакатлари ректорлари форумини ўтказиш ташаббусини ўрганиш ва ушбу соҳага оид бошқа бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича мулоқотни давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди
Вьетнам Ўзбекистон билан стратегик шерикликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқлади