Logo

Деҳлида Ўзбекистоннинг бой меъморчилик ва санъат анъаналари тақдим этилди

Ноябрь 12, 2025. 07:50 • 2 дақ

281
Деҳлида Ўзбекистоннинг бой меъморчилик ва санъат анъаналари тақдим этилди

ДЕҲЛИ, 12 ноябрь. /"Дунё" АА/. Деҳлидаги Жамия Миллия Исломия университетида ўтказилган халқаро конференция доирасида Ўзбекистоннинг бой меъморчилик ва санъат анъаналари тақдим этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев ўзбек халқининг жаҳон санъат ва меъморчилик хазинасига қўшган бебаҳо ҳиссаси ҳақида сўз юритди. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент, Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларда қад ростлаб турган бой тарихий мерос кўп асрлик анъаналар ҳамда меъморчилик маҳоратининг ёрқин ифодаси эканлиги алоҳида таъкидланди.

Форум иштирокчилари Ўзбекистон меъморчилик санъатига хос бўлган ёрқин ранглар, шакллар ва хаттотликнинг ноёб уйғунлигини юқори баҳолади.

Конференцияда икки мамлакат ўртасидаги чуқур тарихий ва маданий ўзаро боғлиқликка эътибор қаратилди. Хусусан, асрлар давомида Марказий Осиё ва Ҳиндистон меъморлари ҳамда қурувчилари бир-бирлари томонидан бунёд этилган ноёб иншоотлардан илҳом олгани қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

Бунга ёрқин мисол сифатида Самарқанддаги Амир Темур мақбараси ва Аградаги машҳур Тож-Маҳал ўртасидаги ўхшашликлар келтирилди. Мазкур обидалар симметрия, улуғвор пештоқлар ва бой инкрустация услубларидан фойдаланиш борасида яқин бўлиб, икки халқни бирлаштирувчи буюк мерос ҳисобланади.

Халқаро анжуманда шу кунларда Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтаётгани алоҳида урғуланди. Бундай нуфузли тадбирнинг қадимий шаҳарда ташкил этилгани жаҳон ҳамжамияти томонидан буюк ўзбек мутафаккирлари ва олимларининг жаҳон маданияти ва илм-фанига қўшган ҳиссаси эътирофидир.

Мамлакатимиз дипломатик миссияси раҳбари халқаро конференция иштирокчилари, олимлар ва тадқиқотчиларни Тошкентда янги бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Самарқанддаги янгиланган Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишга чақирди.

Шунингдек, Жамия Миллия Исломия университетига ушбу таълим муассасасида 2004 йилдан бери Ўзбек тили курслари муваффақиятли фаолият юритаётгани учун миннатдорлик билдирилди ҳамда мазкур ўқув лойиҳаси Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги «ҳақиқий дўстлик кўприги» деб номланди.

Мамлакатимиз вакилларининг халқаро форумдаги иштироки Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасида умумий тарихий меросни сақлаш ва ўрганиш соҳасидаги маданий мулоқотни янада мустаҳкамлаш ва илмий ҳамкорликни чуқурлаштиришга хизмат қилди.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш