Logo

Лондонда "Uzbekistan Outsourcing Conference" бизнес-форуми ўтказилди

Ноябрь 24, 2025. 11:22 • 2 дақ

375
Лондонда "Uzbekistan Outsourcing Conference"  бизнес-форуми ўтказилди

ЛОНДОН, 24 ноябрь. /"Дунё" АА/. Буюк Британия билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистоннинг Лондондаги Элчихонасида "Uzbekistan Outsourcing Conference" бизнес-форуми ташкил этилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

  "IT Park Uzbekistan" билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу тадбирда Британиянинг "Coursera", "Montfort", "Academia Park", "AttoLabs", "Antal International", "Propelis", "Mircoland Limited", "Global Telecom Networks", "Salesforce", "H-Tech Supports", "BOX3" каби 60 дан ортиқ АКТ соҳасидаги нуфузли компаниялар қатнашди.

Мазкур етакчи компанияларнинг аксарияти халқаро бозорда катта тажрибага эга бўлиб, улар Ўзбекистон АКТ тармоғидаги улкан ўзгариш ва ривожланиш имкониятларига катта қизиқиш билдирди.

Шунингдек ўқинг

Конференция доирасида мамлакатда ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш бўйича охирги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, солиқ имтиёзлари, мутахассислар тайёрлаш тизими, кадрлар салоҳияти ва "IT Park" резидентлиги мақомининг афзалликлари батафсил ёритилди.

Тақдимотда рақамли трансформациянинг йирик лойиҳалари мисолида Ўзбекистоннинг глобал рақамли хизматлар бозоридаги салоҳияти яна бир бор очиб берилди. Эътиборли жиҳати, сўнгги бир ойнинг ўзида "IT Park" таркибига 70 та янги хорижий компания қўшилди, шуларнинг 55 таси рақамли хизматлар экспорти билан шуғулланмоқда. Халқаро резидентлар сони эса жами 900 дан ошди.

Бизнес-форум давомида "IT Park"нинг Британиялик қатор резидентлари – "Coursera", "Montfort", "Academia Park", "AttoLabs" вакиллари Ўзбекистондаги ижобий тажрибаси ҳақида иштирокчиларга маълумот улашди. Улар Ўзбекистондаги иш муҳити, мутахассисларнинг малакаси ва IT-экотизимининг тез суръатда кенгайиб бораётганини қайд этиб, юртимизда бизнес юритиш учун қулай шароитлар мавжудлигини таъкидлашди.

Тадбир якунида "IT Park Ventures" ва Британиянинг қатор компаниялари ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувлар имзоланди. Ушбу битимлар яқин ойларда аутсорсинг, инвестиция, тажриба алмашиш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда янги амалий қадамларга айланиши кутилмоқда.

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш