Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида Самарқандда бўлиб ўтадиган БМТ Давлат хизматлари форумига тайёргарликнинг боришига бағишланган брифинг ўтказилди
Апрель 20, 2025. 12:55 • 4 дақ
• 113
НЬЮ-ЙОРК, 21 апрель. "Дунё" АА/. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида шу йилнинг 23-25 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТ Давлат хизматлари форумига бағишланган юқори даражадаги брифинг бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Тадбирда БМТ бош котиби ёрдамчиси Навид Ҳаниф, Иқтисодий ва ижтимоий масалалар департаментининг юқори мартабали вакиллари, ташкилотга аъзо давлатлар элчилари ва дипломатлари, шунингдек, фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва давлат хизматлари агентлиги директорининг ўринбосари Асрор Муҳитдинов қатнашди.
Тадбир аввалида Ўзбекистоннинг БМТдаги Доимий вакили, элчи Улуғбек Лапасов меҳмонларни қутлар экан, Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида юртимизда рақамли иқтисодиётни фаол ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологияларини барча соҳаларга, биринчи навбатда, давлат бошқаруви, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари ҳақида таъкидлади.
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ўз нутқида, давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан тасдиқланган "Рақамли Ўзбекистон – 2030" стратегиясининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталди. Унда электрон давлат хизматлари улушини 100 фоизга ошириш, давлат бошқарувини рақамлаштириш ҳамда марказий ва маҳаллий даражадаги маъмурий тартиб-таомилларни оптималлаштириш кўзда тутилган.
Ўзбекистон турли номинациялар бўйича жаҳон рейтингида етакчи ўринларни эгаллаб тургани, хавфсизлик, сиёсий барқарорлик бўйича Марказий Осиёда биринчи, молиявий жозибадорлик бўйича жаҳонда учинчи ўринни эгаллаши алоҳида таъкидланди. Бундан ташқари, "Gallup" қонун устуворлиги ва ҳуқуқ-тартибот тўғрисидаги ҳисоботида ва "Economist Intelligence Unit" рейтингига мамлакатимиз яшаш учун дунёдаги энг хавфсиз ва энг қулай ўнта давлат қаторига киритилди.
Буларнинг барчаси Самарқандда минтақада илк бор БМТ Давлат хизматлари форумини муваффақиятли ўтказиш учун зарур шарт-шароит яратаётгани таъкидланди. Иштирокчиларга мазкур халқаро форумнинг ташкилий ва мазмуний жиҳатлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Иштирокчилар Ўзбекистонда БМТ Давлат хизматлари форумининг Самарқанд ўтказишга қаратилган мақсадли тайёргарлик ишларини юқори баҳолади.
Хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг иқтисодий масалалар бўйича ёрдамчиси Навид Ҳаниф Ўзбекистон минтақада рақамлаштириш бўйича етакчи ролини мустаҳкамлаб, ҳаётнинг барча жабҳаларига инновацион ва замонавий технологияларни изчил жорий этаётганини билдирди. "Ўзбекистонда электрон ҳукумат жадал ривожланмоқда. Бу борадаги халқаро ҳамкорлик, жумладан, БМТ билан ҳам мустаҳкамланган. Тошкентнинг бу борадаги ютуқлари юксак эътирофга лойиқ", деди у.
Шунингдек, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган БМТ форуми барқарор ривожланиш йўлида бутун дунёда давлат хизматини яхшилашга улкан ҳисса қўшишига ишонч билдирилди. "Қадимий шаҳарнинг цивилизациялар ва маданиятлар ривожидаги муҳим ролини ҳисобга олсак, ушбу нуфузли тадбирни ўтказиш жойи сифатида Самарқанднинг танланиши муҳим аҳамиятга эга. Бу гўзал ҳудуд яна бир бор давлат хизмати соҳасидаги сўнгги тенденция ва ютуқларни муҳокама қилиш учун халқаро майдонга айланади, жумладан: сунъий интеллектнинг ролини ҳисобга олган ҳолда", деди БМТ бош котиби ёрдамчиси.
Давлат хизмати бўйича халқаро комиссия раиси ўринбосари Богуслав Винид Ўзбекистон ҳукуматига БМТ Давлат хизматлари форумига тайёргарлик жараёнига бағишланган мазмунли ва муҳим брифинг ташкил этгани учун самимий миннатдорлик билдирди. "Биз Халқаро комиссияда Ўзбекистон билан давлат хизмати соҳасида ўсиб бораётган ҳамкорлигимизни юксак қадрлаймиз. Расмий Тошкентдан БМТнинг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаётгани учун миннатдормиз. Форум кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашиш учун Самарқандга ташриф буюришни интиқлик билан кутамиз", деди Богуслав Винид.
Корея Республикаси Доимий вакили маслаҳатчиси Кюнг Тае Парк ўз чиқишида, самарали давлат хизматини таъминлаш Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг асосий шарти эканлигини таъкидлади. "Корея Республикаси бу борада етакчи давлат сифатида ўзининг илғор тажрибаси билан ўртоқлашишга ва ҳамкорларга, жумладан, Ўзбекистонга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр. Биз БМТнинг 2024 йилги Давлат хизмати форумини муваффақиятли ўтказдик ва унинг навбатдаги сессияси учун Ўзбекистон томони илгари сурган таклифларни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз", дея қайд этди Жанубий Корея дипломати.
Грузиянинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Давид Абесзаде бўлажак Самарқанд форумига бағишланган брифинг ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди.
"Ўзбекистонда давлат хизматларини кўрсатиш борасида эришилган салмоқли ютуқлар акс этган тақдимот бизда катта таассурот қолдирди, – деди у. –Грузия делегацияси мазкур форум ишида юқори даражада иштирок этади. Самарқанддан кейин 2026 йилда бўлиб ўтадиган форум эстафетаси Тбилисига топширилади.
Озарбайжон миссияси вакили Нигар Байрамли-Хамидова Боку дўст мамлакат – Ўзбекистоннинг давлат хизматини энг замонавий технологияларни жорий этган ҳолда ривожлантириш борасидаги барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади. "Ўзаро манфаатли барча йўналишларди, жумладан, Самарқанд форумини ташкил этиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш юзасидан қатъий мақсадимизни тасдиқлайман", деди дипломат.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Покистоннинг марказий телеканаллари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади
Ўзбекистоннинг янги элчиси Рим Папасига ишонч ёрлиқларини топширди
Британиянинг нуфузли нашриёт уйи билан ҳамкорлик ўрнатилади
Экспертлар ўзбек–хитой муносабатлари истиқболи хусусида фикр алмашди