Британиянинг етакчи архитектура компанияси Ўзбекистон билан янги йўналишларда ҳамкорлик қилишга тайёр
Январ 06, 2026. 12:38 • 46 сония
• 344
ЛОНДОН, 6 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Буюк Британиянинг "Scott Brownrigg" архитектура-муҳандислик компанияси бош директори Даррен Комбер билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида Ўзбекистонда шаҳарсозлик, таълим, транспорт ва креатив саноат соҳаларида ҳамкорлик қилиш ва лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди. Британия компанияси раҳбари Ўзбекистон бозорига стратегик йўналиш сифатида қарашини таъкидлади.
Шунингдек, томонлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли узоқ муддатли инвестициялар ва инновацион лойиҳалар учун катта салоҳият мавжудлигини қайд этдилар.
“Scott Brownrigg” 1910 йилда ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Лондонда жойлашган. Компания архитектура, интерьер дизайни ва шаҳарсозлик соҳаларида фаолият юритади. “Scott Brownrigg” иштирокида авиация, темир йўл транспорти, таълим ва мудофаа каби соҳаларда йирик лойиҳалар амалга оширилган. Лондондаги Хитроу аэропортининг 4-терминали (1986 йил), Нортвудда жойлашган Британия Қуролли Кучлари Бош қароргоҳи (2010 йил), Туркиядаги Истанбул халқаро аэропорти (2018 йил) шулар жумласидан.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси